Ҳама замонийларға шамси пуранвар мударрисдур,

Шариат йўлидан озғонлара раҳбар мударрисдур,

Чироғи пурзиё масжиду минбар мударрисдур,

Ҳама мўмин-мусулмонларға тожи сар мударрисдур,

Десам ялғон эмас фарзанди Пайғамбар мударрисдур.

 

Бошингга тож қилғил қайда кўрсанг яхши муллони,

Худо муздиға бергай тонгла Фирдавс отли маъвони,

Худойим жаннат ичра халқ қилган тўрт дарёни,

Кўрай деб орзу қилсанг, биродар, жўйи аълони,

Олиб сувни берурға соқийи Кавсар мударрисдур.

 

Амаллик бўлса олим онлара шоҳу амир муҳтож,

Умарою акобир ҳам сипоҳу ҳам вазир муҳтож,

Ки саййид, хўжаю шайху сўфийи равшан замир муҳтож,

Қарию навжувону ҳам сағиру ҳам кабир муҳтож,

Ҳидоят айлагай дин йўлиға, сарвар мударрисдур.

 

Кимики қолса зулмат ичра, олим раҳнамосидур,

Солурлар яхши йўлға барчани пири худосидур,

Ўқуб қилса амал илмғаким шаҳлар гадосидур,

Тамоми халқи олам интизори хокипосидур,

Билингким, жоншини асли пайғамбар мударрисдур.

 

Чироғи икки дунё олим илмига амал қилса,

Мусулмонларни қаттиғ мушкулини мунда ҳал қилса,

Худо бирлан Расулин амриға жаҳду жадал қилса,

Ҳавойи илмни “ал-фақру фахри”ға бадал қилса,

Қилур туфроқни зар дастида, кимёгар мударрисдур.

 

Авомуннос ичинда гавҳари қимматбаҳо олим,

Қаю зулматға қолғонға чироғи пурзиё олим,

Яқин билғилки фарзанди Муҳаммад мустафо олим,

Эрур меросхўри анбиёйу авлиё олим,

Ки ғилли ғашни артиб тозалар, заргар мударрисдур.

 

Тирикликда киши олимни қилса бир йўли иззат,

Мани иззат қилур деб айдилар бу сўзни Онҳазрат,

Ёғар бошиға мисли оби найсондек бўлуб раҳмат,

Бу сўзға шак кетурма, Мустафони қавли, эй уммат,

Ҳама халқ сангу хоро, удир гавҳар, мударрисдур.

 

Ҳақорат бирла олимға боқон жойи жаҳаннамдур,

Тамоми умри асло шод эмас, ўлгунча пурғамдур,

Бу дунёю у дунё боши узра барча мотамдур,

Уламоға ҳақорат бирла боқған қайси одамдур?

Кесар ботилни ул сўзи билан, ханжар мударрисдур,

 

Жаҳони тийра ичра меҳри пуранвар мударрисдур,

Паямбар умматиға пирдек раҳбар мударрисдур,

Шариат баҳридин чиққан улуғ гавҳар мударрисдур,

Мадори дин чироғи масжиду минбар мударрисдур,

Ғуборин сурма қил фарзанди пайғамбар мударрисдур.

 

Эрур чун обрўйи ики олам боамал олим,

Гар олим бўлмаса оламни вайрон айлагай золим,

Паямбар айди: “олимлар эрурлар вориси қолим”,

Буларни ҳурматидин дини Исломим эрур солим,

Қиёмат кун туғум остиндаги аксар мударрисдур.

 

Жаҳаннамни сагидур бўлса ким олим изосида,

Малаклар бўлди омингўй бу олимлар дуосида,

Муборак хоки пойин тўтиё қил кўз қаросида,

Паямбар айди: “Олим мисли ман уммат аросида”.

Нечунки шаръ ила Исломи динпарвар мударрисдур.

 

Қулоқға ҳалқа қил, гуфтори оёти Худодандур,

Эшитиб жон фидо қил, қавли қавли анбиёдандур,

Дили раҳматга пур, лафзи ҳадиси Мустафодандур,

Юзининг нури бешак равнақи шамсу зуҳодандур,

Лабининг шарбатиким беҳтар аз Кавсар, мударрисдур.

 

Ҳар олимлар бошинда соядур арвоҳи пайғамбар,

Буларга ким нигоҳи бад қилур мўмин эмас яксар,

Агар бўлмай десанг рўзи жазо шармандаи Маҳшар,

Масойил ўрганиб, оламга ийсор айлагил гавҳар,

Қавий қилғай имонинг, соҳиби дафтар мударрисдур.

 

Қаерга ўлтуруб олим масойил ибтидо айлар,

Ки то маҳшар ани ҳаққида ул манзил дуо айлар,

Туриб кўкдин малойиклар анга мадҳу сано айлар,

Бу олимни, Худоё, раҳмат эт, деб илтижо айлар,

Шу боисдан қабули Холиқи Акбар мударрисдур,

 

Кими ихлос била бўлса олимлар бирла ҳамсуҳбат,

Жудо бўлғунча андин жисми бўлғай ғарқаи раҳмат,

Бўлиб ходим агар ҳар бобдин қилса киши хизмат,

Паямбар ваъда қилди ангаким вожиб бўлур жаннат,

Даҳанинг ширин эт, Мухлис, бўлиб шаккар, мударрисдур.

 

МУХЛИС