Худоё, Байтингга бул кун ибодат этгали келдик,

Қарору азму аҳд айлаб иродат этгали келдик,

Тутиб тақво йўлин дилда зиёрат этгали келдик,

Отиб иблисга тошларни маломат этгали келдик,

Кечиб барча хатолардин итоат этгали келдик,

Вужуду руҳни ҳур айлаб саломат этгали келдик,

Кўнгилларни Сенга боғлаб риёзат этгали келдик,

Тутиб ўзни садоқатда муҳаббат этгали келдик.

 

Ҳабибинг ҳурматин айлаб, этиб бизларни хўб аъло,

Муборак равзага йўллар очиб бердинг, Худовандо,

Тавофи Каъбани қилдик, қабул этгил Сен эй Аллоҳ,

Расулингдин шафоат насиб қилгин, Холиқи якто,

Ки маҳшарда "умматим" деб чақирсинлар Расулуллоҳ,

Умид бирла хижолатда турурмиз шавқин айлаб жо,

Кўнгилларни Сенга боғлаб риёзат этгали келдик,

Тутиб ўзни садоқатда муҳаббат этгали келдик.

 

Сенинг амринг эрур мақбул, синов ичра турар бу жон,

Кўнгулни ҳаққа тутмоқлик ғарибларга эрур дармон,

Дедик Сенга муножотда, Ўзинг қил барчасин осон,

Муқаддас бу иноятдин хароб диллар бўлур бўстон

Тилаб фазлинг ижобатда Ҳарам ичра бўлиб хушхон,

Мукаррам Каъбатуллоҳга бўлибмиз барчамиз меҳмон,

Кўнгилларни Сенга боғлаб риёзат этгали келдик,

Тутиб ўзни садоқатда муҳаббат этгали келдик.

 

Кийиб эҳром, гуноҳлардан тазарру айлабон бу дам,

Бўлиб хавфу ражо ичра қўйиб Макка сари мақдам,

Ўқиб оятларинг, зикринг кўнгилга биз этиб малҳам,

Биҳамдиллоҳ, қилиб шукринг, бўлиб кўзлар бу кун пурнам,

Пушаймон айлабон такрор, дебон тоатни қилдик кам,

Биз осий, жофий бандангни Ўзинг афв эт дебон, ҳар дам,

Кўнгилларни Сенга боғлаб риёзат этгали келдик,

Тутиб ўзни садоқатда муҳаббат этгали келдик.

 

Чиқиб Минога тош отмоқ, бу Тангримдан ҳидоятдур,

Этиб беҳол ул иблисга изо бермоқ чин шарофатдур,

Бўлиб жам аҳли суннатлар муроди чин шафоатдур,

Ғанимга юзма-юз турмоқ, билингким, айни тоатдур,

Улуғ ажру савобларга эришмоққа далолатдур,

Сенинг амрингни тутмоқлик шараф, ҳам чин саодатдур,

Кўнгилларни Сенга боғлаб риёзат этгали келдик,

Тутиб ўзни садоқатда муҳаббат этгали келдик.

 

Хушуъ бирла хузуъ ичра кўнгилни айлабон гулзор,

Дуою ҳам муножотда талабгори бўлиб рухсор,

Тутиб юз Каъбатуллоҳга, қилайлик дуо минг бор,

Сўзингга иқтидо айлаб, кезиб гирдида етти бор,

Тавофни сен учун айлаб, висолингга бўлиб хуммор,

Неки дилда талаб, ният ки сенга айлабон изҳор,

Кўнгилларни Сенга боғлаб риёзат этгали келдик,

Тутиб ўзни садоқатда муҳаббат этгали келдик.

 

Деса дўстлар қаердансиз, дегайман Ўзбекистондин,

Бухорий ҳам Замахшар, Термизий ўсган гулистондин,

Нақшбанд ҳамда Фарғоний кўз очган ул дурахшондин,

Ки Шоший, Марғилонийлар туғилган марди майдондин,

Ўзинг, Раббим, назар этган бу дунё ичра ризвондин,

Икки олам ризойингга умидвор аҳли иймондин,

Кўнгилларни Сенга боғлаб риёзат этгали келдик,

Тутиб ўзни садоқатда муҳаббат этгали келдик.

 

Ҳожи Исмоил Маҳмуд МарҒилоний

2012 йил, октябр. Маккаи мукаррама.