Йўлдош ЭШБЕК

 

Дунёга
келгандир қанчалаб одам,
кўпи шодлик истаб кўриб кетган ғам,
демакким, ғам чеккан бахти қародир,
балиқми бахтиёр ёки дарёдир,
аввал англа, келиб-кетмоқ не ўзи,
шундан келиб чиқар маъно – бахт сўзи,
данак-дарахт бир-биридан ҳосилдир,
бир-бирига дўниб бахтга восилдир,
дунёнинг ибтидо-интиҳоси бор,
ўзи имтиҳону иқтидоси бор,
ким кимга эргашди қандай ва нечун,
ҳар ким жавоб берур ўз йўли учун,
данак танга, тана баргга эргашди,
бари самарга ё дардга эргашди,
ким иллатни самар дея адашди,
данакка қурт тушди, ерга қамашди,
амали номашру орзуси ҳумой,
эккани арпа-ю, кутгани буғдой,
адли йўқ, талаби доим адолат,
нолийди дуч келса кулфат, ҳамоқат,
уруғ изғиринда ниш уриб қўйди,
бевақт амал қилди, жонидан тўйди,
тўпидан айрилган айиқ паришон,
ҳақни ҳалаф билган, миллатни ошно,
миллатнинг маъноси асл эътиқод,
йўқса, миллат йўқдир, йўқдир эътимод,
яъни, у бир қавм, маърифати йўқ,
зоҳиран ободу басийрати йўқ,
басийрати йўқнинг йўқ таълифоти,
бўлмагай ҳеч қачон олий сифоти,
дунёга келдингми, итоат айла,
тани, ҳар ишингни ибодат айла,
маърифат берганни билмоқ маърифат,
эҳсонига қуллуқ қилмоқ маърифат,
йўқса ҳар илмнинг бирор нафи йўқ,
унинг ўзи бало, бало дафъи йўқ,
манфаатсиз илм маърифат эмас,
у бир портлағички, этгайдир абас,
келиб-кетиш маъносидир танимоқ,
иҳё этар чин маърифат – ғаний моҳ
нури билан ойдин бўлар йўлимиз,
бахт самари билан тўлар қўлимиз,
орифларга насиб этгай камоли,
энг олий бахт – Онинг олий жамоли...
йиғилари дилларига шарҳ бўлди,
ошиқларки, висолига ғарқ бўлди,
дунё бахти дунё каби фонийдир,
у киприк қоққунча қисқа, онийдир.

Ватан
Ватан йўқдир менга осмонинг қадар,
чаман йўқдир менга ёбонинг қадар.
Пахтанг очилган гул менга йироқларда,
ҳар не азиз юртда, ноёб тупроқларда,
тиконинг мадҳ этса тўрғай биёбонда,
солар булбул навосидай титроқларга.
Ҳар ён чаман, чамандай гул гиламларда,
ўрин босмас, тенг келмайди қуроқларга,
юртим кўрки кўклам, ишқу нақш биландир,
бунда ғурбат тикон каби оёқларга,
уйлари кўп, биланд экан қаватлари,
қават-қават ғам сиғмас том-тупроқларга.
Содиқ Йўлдош бўлгин, кўнглим, диёрингга,
сўқмоғи бўл, одам ўтсин ҳур тоғларга,
Йўлдош Эшбек юртда суюк, иззатли бўл,
жавоби бўл, кўнгил келган сўроқларга.
Ватан йўқдир менга ҳеч осмонинг қадар,
чаман йўқдир менга биёбонинг қадар.

Тоғ
жилғаси каби кетиб борар йўл,
йўл юриб Оқтовга етиб борар йўл,
Зарбанддан бурилар Бойтўби сари,
Бойтўбида тўхтаб, сўнг йўртар нари,
йўқ, тўхтар, “дунёнинг сўнгидир бу жой”
таъбир бу меҳмонга хосдир, ҳойнаҳой,
асли Зарбанд-Бойтўби дунё боши,
Нуротанинг эса кўзию қоши,
мен бўлса шу кўздан тушиб келганман,
бир жилғадай дунё бўйлаб елганман,
ҳайё-ҳуйт деб, кезиб-кезиб чопганман,
охир келиб шу Тошкентни топганман,
йўлнинг сўнги шу деб, юрмадим бошқа,
не кунлар келмади бу ғариб бошга,
яхшиси кўп бўлди – дўстлар тўп бўлди,
бу катта шаҳар-да... талотўп бўлди,
тушга кириб қолса агар Чилмайрам,
туш туш эмас, дейсиз гўзал бир байрам,
адабий тилда бу, майли, Чилмаҳрам –
Нурота чўққиси – мовий, нима тутарлар,
бағрини титарлар, нима кутарлар,,
кончилар мармар деб ковлаб ўтарлар,
мармардан ташқари топдилар яна
бағри ғиж-ғиж тилла – катта хазина,
аслида хазина одамларидир,
дунёда бетакрор хуш дамлардир,
одамлар бағри кон, нодир шаҳардир,
ҳар бирин кўксида ноёб гавҳардир,
битмоқ шарт эмасдир, бу бани башар,
бу кўнгул – олар мард, олмоқ ярашар,
ҳаёт ҳам, сафар ҳам бир туш аслида,
уйғонмоқ на гўзал баҳор фаслида,
бетакрор баҳор ҳам бир туш аслида,
туш кўрмоқ на гўзал баҳор фаслида,
мовий тушларни-да бузмоқ гуноҳдир,
диёрнинг туши ҳам буюк сабоқдир!

Шамол
Уфорин таратиб боғлардан ўтдим,
не қаро, нафармон чоғлардан ўтдим,
не дард билан ёнган бағрлар аро,
ва дардсиз кесакдай соғлардан ўтдим,
маъсум гул ёшини сидириб майин,
кўксим қонаб гоҳ бутоғлардан ўтдим,
қайда эл деб ёнган дилларни кўрдим,
кўкси кирмас, буюк тоғлардан ўтдим,
доим бахт-шодликда ёнавермас дил,
гоҳ қайғу эпкини – оҳлардан ўтдим,
оҳларни бағримга босиб йиғладим,
Истиқлолни топган қучоқлардан ўтдим.

Онамнинг
қошига қандай бораман,
оқладимми унинг оппоқ сутини,
тонг қушидек нолавор ёлвораман:
умрин узоқ айла! Менинг ўтимни
гуриллат, аланга бергин кўнгулга,
зеро, гул ундирар нур ўчоқ кўнгул,
онам ҳам термулсин бир кун бу гулга,
заҳматкаш қўллари, зотан, ўзи гул,
ким жафо чекибди – оғриғи пинҳон,
ўзингга етгайдир, Сенда(н) малҳами,
сабрли инсонга тўсиқмас осмон,
мустаҳкам қалъаси ишқи, алами,
амали самари, зафари тоғдир,
агар қўллар бўлсанг, нурли булоқдир,
мени ҳам ўнглагин, чанқоқ ерларга,
элтайин ёруғлик, шифо элларга,
онамнинг изида табассум мисол,
юртимнинг кўксида гўзал бўлсин ҳол,
барча оналарнинг дуоси каби
тушлар парвозига тўлсин кўк бағри!

Тулпорим
От кишнаб туманларни
йўлдан кўтарса дейман,
фиғони гумонларни
дилдан кўтарса дейман,

шафақ йўқ – қизил туман,
кун заиф – алвон туғман,
фарёди ичдан сизиб,
оқ тулпорим тўқ қизил,

кўзимда бир мунг қолди,
юрагимда ун қолди,
ҳар ёқни босди туман,
уфқ устида кун қолди,

от кишнаб туманларни
шеърдан кўтарса дейман,
фиғони гумонларни
ердан кўтарса дейман!

Туғ
Тошни қоқ бўлди уруғ,
ундан гул бўлди улуғ
машаққатдан қўрқма, дил,
курашларда порлар туғ!