БОБУР ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

 

Кутурман неча йиллар гар бардош керак бўлса,

Ҳамиша бирга бўлгумки сирдош керак бўлса,

Тўкурман жолалар ҳам анга ёш керак бўлса,

Кўзимда муттасил ул эгма қош керак бўлса,

Қошимда кўз ёруғи ул қуёш керак бўлса.

 

Умр бўлсин зиёда, киши ўлмасун ҳаргиз,

Ки гул яшнаб очулсун, бироқ сўлмасун ҳаргиз,

Ибодат чоғида дилга ғам тўлмасун ҳаргиз,

Сужуд вақтида гарчи меҳроб бўлмасун ҳаргиз,

Ки, бош қўярда ўшал эгма қош керак бўлса.

 

Хилват аро тунлари юлдуз мисол порласа,

Бошим кўкка етарму менинг чун ул ғам еса,

Жоним бўлурки садқа гарчи эл ҳам не деса,

Ҳабиб ишқида бошдин кеч, эй кўнгул, йўқ эса,

Бу йўлға қўйма аёқ, санга бош керак бўлса.

 

Кутурман тонгга дегру магар келур хабарким,

Фироқ айлабки ул ёр, рад этмаса агарким.

Сочур эрдим йўлига турфа гуллар ва зарким,

Қўйиб оёғига бош, сўрса лаълидин ҳар ким,

Бошиға туфроқу оғзига тош керак бўлса.

 

Умр ўткардинг ажаб, айлаб қаноат, сабр,

Хаёлингдин ўтмишинг ниҳоят ўтур бир-бир.

Қилмағил, Суҳайлий сен, ўзгага зулму жабр,

Сенинг бирга бори эл нохуш ўлса, эй Бобур,

Не бўлғуси сенга ул ёри хуш керак бўлса.

 

ГАР ДИЛИНГ ПОК БЎЛМАСА...

 

Чекмасанг заҳмат, қучоқ очмас Ватан тупроғи ҳам,

Сабабсиз тарк этмагай гул шохини япроғи ҳам.

 

Ранжитиб бир бегуноҳ инсонни қон йиғлатмагин,

Кетмагай ювган билан оғриқ кўнгилнинг доғи ҳам.

 

Сув ичиб қўйсанг ҳасад дарёсидан бир қатра гар,

Бош уриб ёлвор, паноҳ бермас Арафот тоғи ҳам.

 

Кеча-кундуз сажда қилгин, гар дилинг пок бўлмаса,

Сен учун беркдир мудом қодир Эгам даргоҳи ҳам.

 

Эй Халил, юртинг севиб боғу чаманзор этмасанг,

Сенга ул дунёда юз очмайди жаннат боғи ҳам.

 

ОРЛАНМАГИН

 

Бебаҳо дунёсидан гар кетса қут, зорланмагин,

Хокисор, мажруҳ танангдан чиқса дуд, зорланмагин.

 

Майлига, шодлик-қувончдан бенасиб бўлгин ва лек

Ўзгаларга завқу шодлик ҳадя эт, зорланмагин.

 

Бағри қон бўлсанг бўлибсан, бағри қон бир сенмидинг,

Бут қилиб имонни доим, қадни тут, зорланмагин.

 

Токи танда борки жонинг ҳақ Эгамга сажда қил,

Шул тириклик неъматин сен кўзга сурт, зорланмагин.

 

Музда қот ё ўтда ёнгин, қайси жон куйгай сенга,

Минг шукр бирлан азобни ичга ют, зорланмагин.

 

Битмагандир манглайингга биргина ялдо туни,

Сен умид бирла тириксан, тонгни кут, зорланмагин.

 

Қоражон ҚОДИРОВ,

Андижон