Отабек БОҚОНИЙ

ОНАЖОНЛАР

Бир парча эт ҳолингда вужудида сақлаган,

Соғ-саломат дунёга келишингни хоҳлаган.

Ўлим билан олишиб, ўз бурчини оқлаган

Фарзанд учун жонини фидо қилган оналар,

Туну кун ҳаққимизга дуо қилган оналар.

 

Алла айтиб тонггача тунни кунга боғларди,

Эртак сўйлаб, эркалаб, кўнгилларни чоғларди,

Бемор бўлсанг, оҳ чекиб, юрак бағрин доғларди,

Фарзанд учун жонини фидо қилган оналар,

Туну кун ҳаққимизга дуо қилган оналар.

 

Ўғли куёв бўлганда келин суюб дур топган,

Қизи келин бўлганда куёвига тўн ёпган,

Набиралар кўрганда қувониб ҳар ён чопган

Фарзанд учун жонини фидо қилган оналар,

Туну кун ҳаққимизга дуо қилган оналар.

 

Поёндоз бўл, эй фарзанд, онажонинг пойига,

Хизмат қилиб, эъзозлаб, ҳурматин қўй жойига,

Ҳеч бўлмаса бир бора хабар олгин ойига,

Фарзанд учун жонини фидо қилган оналар,

Туну кун ҳаққимизга дуо қилган оналар.

 

Аччиқ ёшлар оқмасин, ҳеч бир она кўзидан,

Рози ўлсин бир умр, берган нону тузидан,

Кўриб фарзанд камолин, нур таралсин юзидан,

Фарзанд учун жонини фидо қилган оналар,

Туну кун ҳаққимизга дуо қилган оналар.

 

 

УЙИНГ ТИНЧ-ОБОД БЎЛСА

Букилмайди қоматинг,

Уйинг тинч-обод бўлса.

Доим келар омадинг

Уйинг тинч-обод бўлса.

 

Меҳрибондир аёлинг,

Сўзлари асал-болинг,

Ўзгадамас хаёлинг

Уйинг тинч-обод бўлса.

 

Меҳмонларинг кўп бўлар,

Дўстларинг тўп-тўп бўлар,

Душманларинг чўп бўлар

Уйинг тинч-обод бўлса.

 

Ҳеч ким сендан наримас,

Қариндошлар аримас,

Ота-онанг қаримас

Уйинг тинч-обод бўлса.

 

Фарзандларинг хотиржам,

Қалбида йўқ қайғу ғам,

Хизматингдадир ҳар дам

Уйинг тинч-обод бўлса.

 

Маҳаллангда ўрнинг бор,

Ҳамма сендан миннатдор,

Бахту иқбол бўлар ёр

Уйинг тинч-обод бўлса.

 

Иштихон