Ойгул СУЮНДИҚОВА

 

* * *

Осмон косасидан тўлдириб бода,

Кўнгиллар ҳолидан хабар ол, ёмғир.

Тўкилиб-тўкилмай турган афтода,

Сен – осмоннинг боли, энг тотли шивир.

 

Шамол, булутларни силкиб, мени кут

Отамнинг, онамнинг қабри бошида.

Дарахт баргларини силаб-сийпаб ўт,

Мен ҳам йўлга тушдим, осмон – қошимда...

 

Гарди ювилади азобларимнинг

Кўзимдан қуйилар тилдан қолган ёш.

Дунё тополмадим онамдан ҳам кенг,

Ота деган сўздан кучлироқ бардош...

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

ОНАМНИ ЭСЛАБ

 

Хаёлимни қайтиб бер, осмон,

Қайтариб бер болалигимни...

Мен йиғлаб чопайин онам ортидан

Йўқотиб қўйдим деб жамалагимни,

Хаёлимни қайтиб бер, осмон!..

 

Оёқяланг, бошяланг елдай

Эркаланиб гулбаҳорларда

Топиб олай жамалагимни

Шудринг ювган майсазорларда.

Оёқяланг, бошяланг елдай...

 

Шунда онам ёнимга келиб,

Силаб қўйсин азиз бошимни.

Артиб қўйсин киприкларимдан

Оқаётган тиниқ ёшимни,

Силаб қўйсин азиз бошимни...

 

Ой чиққунча сўйласин онам

Қайтариб бер эртакларимни.

Соғинчларим тўкилаётган

Шамолларнинг эртакларини,

Қайтариб бер эртакларимни...

 

Кўз ўнгимда толлар учидан

Учиб кетди бир гала қушлар.

Айирмоқчи бўлиб ҳушимдан

Алдамаса эди бу тушлар –

Учиб кетди бир гала қушлар...

 

* * *

Олислардан келар азон товуши,

Тун пардасин синдиради тонг нури.

Кўз юммай ухлаган қушларнинг туши

Каби қалқиб кетар кўзимнинг қири.

 

Умрим менинг – очиқ китоб – ер каби...

Шудгорланган кузги дала – бағримда.

Ёрилиб кетса-да баргларнинг лаби

Яна ўзин урар шамол бағрига.

 

Тақдир ҳар юракка йўл солар танлаб,

Сочимда ҳидлари кузги ҳавонинг.

Боғимга гўёки кўкдан азонлаб

Нури ёғилибди Момо Ҳаввонинг!..

 

Тун пардасин кўтаради тонг нури,

Қулоқ тутдим, жим тингладим азонни.

Йўлларда, ҳовли юзи, боғ тўри

Хазонларни супураман, хазонни...

 

Қибрай тумани