* * *

Отангга, онангга бошингни хам қил,

Гап қайтарма, болам, оғзингни дам қил.

Ўгитин ол улар ҳаётлигида,

Сўнг бефойда гарчи кўзингни нам қил.

 

* * *

Касалнинг уруғи жонда асабдир,

Асабнинг онаси жаҳл, ғазабдир.

Икки мингашиб, от сурса агар,

Бечора инсонга буткул азобдир.

 

* * *

Тўйиб-тўйиб сувлар ичдим булоқларингдан,

Нур эмдим қуёшдек қароқларингдан.

Ўргилай, онамдек она Ватаним,

Бошимни силаган бармоқларингдан!

 

* * *

Кун ва тун бир дунё дунё ичида,

Сирлар кўп уммону дарё ичида.

Шу дунё ичра мен нималар қилдим,

Имоним покмикин ҳаё ичида?

 

* * *

Соатнинг “чиқ-чиқ”и кунга айланар,

Кун тўпи йиғилиб, ойга айланар.

Кам ухлаб, умрингда нималар кўрсанг,

Хирмондек уйилиб, йилга айланар.

 

Учтепа