Жамол КАМОЛ,

Ўзбекистон халқ шоири

 

Фаридуддин Аттор зиёрати

 

Кўринди кўзларга йироқдин

                   Аттор мақбари,

Очилди назарга валийнинг

                   мулку манзари.

 

Қуёш нурида ловуллаб 

                   ёнарди гумбази,

Саҳнида ку-кулаб

                   юрар кабутарлари...

 

Гул боғчасида гуллари

                   яшнайди чўғ бўлиб,

Атрофга таралмиш ифори,

                   атри анбари.

 

Остонасига бош эгиб,

                   дедим мен: Ассалом!

Салом, эй мукаррам зот, 

                   эй азизлар сарвари!..

 

Бир дунё эҳтиром келтирдим

                   Турон юртидан,

Гарчи тилимда оз эрур,

                   кўнглимдадир бари.

 

Бир қўлда “Мантиқут тайр”у

                   “Илоҳийнома” ул,

Бир қўлимда “Асрорнома” –

                   ҳақиқат дафтари.

 

Қўйдим қабринг тошига мен

                          китобларинг тизиб,

Китобларингким, барчаси

                   кўнгилнинг гавҳари...

 

Кирдинг риёзат йўлига,

                   осойиш топмадинг,

Тегрангда шай эди мудом  

                   аламнинг лашкари.

 

Куйдирди сени Аҳдижаҳон –

                   ёринг ҳам, водариғ,

Кетди жаҳонни тарк этиб,

                   ҳинд моҳи пайкари...

 

Ҳақ ишқида чекдинг қалам,

                   ҳижрону дарду ғам,

Бўлди Нишопуринг андин

                   муҳаббат минбари.

 

Ваҳший ўрду тиғ сирмади

                   бошингга беомон,

Ботди юраклар қаърига

                   мусибат ханжари...

 

Қабрингни нурга чулғасин

                   Яздони меҳрибон,

Шафоат айласин ўзи –

                   Ислом пайғамбари.

 

Хокингни кўзга тўтиё

                   айлади Жамол,

Дилда дуойинг зикрию

                   “Аллоҳу акбар”и...

 

Нишопурда

 

Манам сайёҳ бўлиб, сайр айлабон

                   юрдим Нишопурда,

Малаксиймо, ажаб озодалар

                   кўрдим Нишопурда.

 

Чинорлар кўркига ҳайрон,

                   атиргуллар аро сайрон

Кезиб, гоҳи хаёллар гаштини

                   сурдим Нишопурда.

 

Работлар бор экан, кўрдим,

                   хиёбонларга юз бурдим,

Гурунг айлаб ёронлар бирла

                   ўлтирдим Нишопурда.

 

Кўнгил хушлаб наволардин,

                   симирдим хуш ҳаволардин,

Келармен деб хаёлда ошиён

                   қурдим Нишопурда...

 

Баногоҳ осмон бўлди чароғон,

                   чақнади юлдуз,

Ажаб юлдуз экан деб термулиб

                   турдим Нишопурда.

Дедим: кимсан? Деди: ёринг,

                   фалаклар ичра дилдоринг...

Паризодим, сени деб неча оҳ

                   урдим Нишопурда.

 

Азизлар қисматин ўйлаб,

                   муҳаббатдан савол айлаб,

Куйиб эрдим, яна куймоққа

                   улгурдим Нишопурда.

 

Жамолман, бир аламкаш деб,

                   бухорий бир қаламкаш деб,

Не бахтким, шайх Аттор ҳолини

                        сўрдим Нишопурда...