Қиличхон АЪЗАМ ўғли

* * *
Гуноҳларим – ўтган кунимдан
Афсус чекиб, қўрқиб ҳукмингдан,
Умид қилсам марҳаматингдан,
Сенга яқин бўларман.

Тоатимдан олмай қаноат,
Бир Ўзингга қилсам ибодат,
Раҳматингдан умидим фақат.
Сенга яқин бўларман.

Ҳавасларим урсалар туғён,
Нафсим тинмай кўтарса исён,
Сақлай олсам имоним омон,
Сенга яқин бўларман.

Саҳарларда номингни зикр
Этсам, қилсам оятинг фикр.
Берганингга келтирсам шукр,
Сенга яқин бўларман.

Гуноҳлардан асраб ўзимни,
Айта олсам тўғри сўзимни,
Тия олсам тўймас кўзимни,
Сенга яқин бўларман.

Қалбим юмшаб, намланса кўзим,
Сукут келиб, камайса сўзим,
Таниб олсам ўзимни ўзим,
Сенга яқин бўларман.

* * *
Кунларимда чувалди маъно,
Узун қилдим орзу тилакни.
Ўтган куним чўмди йўқликка,
Ўртаб ярми куйган юракни.

Мен қисматга боқолмадим тик,
Остонангга бош қўйдим аста.
Пешонамда не бўлса битик,
Ҳеч тўлмади кўнглим – шикаста.

Илдам қўйиб дунё ишини,
Қуролмадим охират уйин.
Орзу чуқур санчар нишини,
Умрим кемтик бўлгани сайин.

Нигоҳимнинг манзили осмон,
Ҳайратимга қўшилур ҳайрат.
Юлдузларнинг ёстиғи – уммон,
Тоатингга қилолдим журъат.

* * *
Тонгларимнинг юзида мудроқ,
Дарахтларнинг баргида ҳадик.
Сув юзида ялтирар титроқ,
Баҳоримга куздан келар ҳид.

Бир кун ўтиб боради яна,
Узилмоқда умримдан парча.
Кун – ҳаётдан кичик андоза,
Қай томонга очилур дарча?

Бир қатрага жо бўлар осмон,
Умр гулбарг парвози мисол.
Қўй, куюнма, маъюс сингилжон,
Ҳаёт ўзи жавобсиз савол...

Жомбой тумани
Ғазира қишлоғи