ҚАНОАТ ҚИЛ

Облоқул СУЮНОВ

 

Қолмай десанг шафоатдан,

Ҳазар қилгин хиёнатдан,

Қадринг ортар қаноатдан,

Қаноат қил, қаноат қил!

 

Шукр қил, ризқ-рўзинг бордир,

Ўғлинг бордир, қизинг бордир,

Бу дунёда изинг бордир,

Қаноат қил, қаноат қил!

 

Тонгда қилсанг тиловатлар,

Айтар бўлсанг салавотлар,

Элингга келмас офатлар,

Қаноат қил, қаноат қил!

 

Асраб еру осмонингни,

Худо берар хирмонингни,

Менга айтма армонингни,

Қаноат қил, қаноат қил!

 

Элу юртинг тинчдир бугун,

Хотиринг жам, бахтинг бутун,

Умрингни Ҳақ қилсин узун,

Қаноат қил, қаноат қил!

 

ЖАЙДАРИ НАСИҲАТ

Борлиқни синчиклаб кузатиб ўрган,

Бузганингни ўзинг тузатиб ўрган,

Дилингни обод тут, безатиб ўрган,

Ҳаётдан ҳамиша сабоқ ол, болам!

 

Отангдан ақлли бўлсанг, фикр қил,

Афлотун бўлсанг ҳам ўйлаб зикр қил,

Борига барака, мудом шукр қил,

Ҳаётдан ҳамиша сабоқ ол, болам!

 

Билсанг, бу қарилик ажиб аломат,

Бир умр яшамас одам саломат,

Ночор кунларимни қилма маломат,

Ҳаётдан ҳамиша сабоқ ол, болам!

 

Яккабоғ тумани