Мақсуда ЭРГАШЕВА

 

ҲАЁТ

Менга жуда ёқади ҳаёт

Катта-кичик тошлари билан.

Шохлардаги титроқларию

Майсаларда ёшлари билан.

 

Севимлидир кўзимга шундоқ

Пушти рангга бўялган уфқ,

Қалдираган момақалдироқ

Чақмоқ каби чирмашувчи ишқ.

 

Дарахтларнинг қадду бўйига

Ҳарир либос бўлган ҳовурлар,

Соясидан миннатдор бўлиб

Оро берар ўзига гуллар.

 

Пайкалларнинг ичига меҳнат

Тикса яшил байроқларини,

Ариқларнинг бўйига ялпиз

Бошлаб чиқса ўртоқларини...

 

Юрагимда чиройли ишқни

Аллоҳ ўзи бергани тайин.

Қабрим узра йиғлама, ўғлим,

Мен дунёдан ўтгандан кейин.

 

                              *  *  *

Ғунчалар титраб турар қисканча лаб,

Оғзидан оташ чиқар иситмалаб.

Бунча беҳуш бўлмагил, дил ғунчаси,

Оч деюр, йўқса шабода чимдалаб.

 

Бунчалар фарёд қилар тун қушлари,

Субҳнинг тандирига ким ўт қалар.

 

Сочини йиғди қаро тун сесканиб,

Кундузи ўлтирмагайлар соч тараб.

 

Бир келиндек ўзга оро берди тонг,

Ғунча кўз очди сабоҳни орзулаб.

 

НАВОИЙНИ ИЗЛАДИМ

 

Шеър тилида бу шикаста қалб,

Китобларни кўрдим асталаб,

Токчаларга қўйдим дасталаб,

Аста Навоийни изладим.

 

Мана Машраб, мана Фузулий...

Ўқиб бердим ҳижжа-ҳижжалаб.

Қайсарлигинг тутдими, эй қалб,

Уста Навоийни изладим.

Юрак қўймас кўксимга муштлаб,

Тинмай қилар бир шеърни талаб.

Китоб дарёлари ёқалаб,

Битта Навоийни изладим.

 

Ахир, бу жой касалхонадир,

Қайдан топай Ҳазратни ҳозир?

Ҳали дунё бўлмади охир,

Улуғ Навоийни изладим.

 

             *  *  *

Кузнинг дайди шамолларига

Иниб қолган олма ислари.

Қизил, пушти, оппоқ, нафармон,

Барқ уради гулзор ҳислари.

 

Ариқчага қўлларин солиб

Отқулоқлар ўлтиради шод.

Чулдирайди сувлар нима деб,

Билмам, қандай шеърни олар ёд.

 

Атиргулнинг пушти сояси

Кўринади сувнинг остида.

Белин ушлаб бир хаёлкаш тол

Қоровулдек турар устида.

 

Кузнинг дайди шамолларига

Иниб қолган беҳи ислари.

Эпкинларда учгандай гўё

Самоларда қалбим ҳислари.

Олтиариқ тумани

 

Дилмурод ПАРДАЕВ

 

Дунё деганлари жуда ҳам ширин,

Ким қайдан излайди яшамоқ сирин?

Бу ҳаётни дема шунчаки ўйин,

Охират учун ҳам озгина куюн.

 

Ён-атрофга қара, қанча кўп савоб,

Қўлингдан келади, қайтаргил жавоб.

У йўқ, бу кам дея бўлма ҳеч хуноб,

Бир оғиз ширин сўз мисоли офтоб...

 

Ҳар қадамда йўлинг тўсар гуноҳлар,

Қанийди бўлолсанг баридан йироқ.

Нафсинг ила шайтон қўйгай тузоқлар,

Яратган Эгамдан сўрагин паноҳ.

 

Қайғургин эл-юртинг, Ватанинг учун,

Улар қадрига етмаганинг учун.

Нолимай, сабр қил синовларга ҳам,

Йиғла гуноҳларинг эсга тушган дам...

 

Қамаши тумани