Абдулла Гулшаний Шаҳрисабзда туғилган, Бухородаги Мир Араб мадрасасида ўқиган. Садриддин Айний, Абдурауф Фитрат, Муҳмудхўжа Беҳбудий каби маърифатчи алломалар билан суҳбатдош бўлган. Нурота, Чуст, Қоракўл, Қамаши туманларида, умри охирида эса Тошкентда яшаган.

Шоирдан “Гулистони Гулшаний” девони, “Тўю тўёна”, “Ариза”, “Кунлар” каби достонлар, форсча шеърлар тўплами мерос қолган. Қуйида унинг шеърларидан намуналар ўқийсиз.

 

ИШҚ-МУҲАББАТ

Нечаким, зулфинг хаёли тушди ушбу жон аро,

Ғунча урди игнадек ул анбари афшон аро.

 

Ёш тўкарман кўзларимдан ҳам чу абри навбаҳор,

Ўйлаким, бу жисми жоним ғарқ улуб тўфон аро.

 

Ҳажри шоми зулфи ила қилди магар ҳамранглик,

Оҳким, умрим манинг кун кўрмагай даврон аро.

 

Жон машомини муаттар айладинг, боди сабо,

Ё магар қилдинг гузар ул сарви-ла райҳон аро.

 

Ўлдирур бўлсанг мени ўлдир бўғиб сочинг билан,

Токи кетмай бу жаҳондин ҳасрату армон аро.

 

Ишқ дарди бедаводур, чекма нисор, эй табиб,

Йўқ қутулғон кимсае бу дарддин инсон аро.

 

Ишқ майдони фидойилар шаҳодатгоҳидир,

Савму андин чекма зоҳид, ҳарна ботгунг қон аро.

 

Ишқ даъвосин қилғали ҳаққи йўқ ул кимса ким,

То мисоли кўзадек гар пишмаса хумдон аро.

 

Гулшано, ҳаргиз муҳаббат йўлидин чекланма ким,

Мақсадига етмағон йўқ олами инсон аро.

 

ПАНДУ НАСИҲАТ

Тополмайсан агар кезсанг жаҳонни,

Ота бирла онадек меҳрибонни.

Сенинг қонинг аларнинг қонидандур,

Сенинг жонинг аларнинг жонидандур.

Улар боис вужудинг хирманига,

Улар боис ҳаётинг гулшанига,

Уларнинг боғининг норастасисан,

Улар гулзорининг гулдастасисан.

Улардан сув ичиб умринг ниҳоли,

Балоғатга етиб, топдинг камоле.

Ҳамиша тут уларнинг ҳурматин пос,

Дилу жонинг бирла босидқу ихлос.

Агар кетса улардан кучу қувват,

Агарда қилмасанг меҳру муравват,

Бу иш инсониятга хос эмасдур,

Шариат йўлига мос эмасдур.

Уларга сен қўполлик қилма ҳаргиз,

Мободо дилларин ранжитма ҳаргиз.

Будирким Гулшаний панди, қулоқ сол,

Жигарбандим, бу пандимни билиб ол!

 

ИЧКИЛИК

Ичкилик ўрганма, дарди бедаводир ичкилик,

Бениҳоя кўйи бадларга солодур ичкилик.

Сўзласам бошдин оёқ, бир можародур ичкилик,

Эл аро шармандалар, рўйи сиёдур ичкилик.

Одам ўғлига умуман нораводур ичкилик.

 

Юзи қурсин ичкиликнинг, турмушингдан ажратур,

Севгили фарзандларинг, қавму хешингдан ажратур,

Қип-қизил тентак қилиб, ақлу ҳушингдан ажратур,

Вақтини топиб, сени охир бошингдан ажратур,

Яхшилик чиқмас ҳеч андин, бир балодур ичкилик.

 

“Юз грамм қилғин” дебон, аввал сени тарғиб этар,

Гар бажарсанг истагин, “боз” дебон таклиф этар,

Жинни қилмай қўймагунча, “ичгил” деб таъкид этар,

Маст-аласт айлаб сени беҳушу бетартиб этар,

Қисқаси, шу ҳар мақомга ўйнатодур ичкилик.

 

Пулу молингга ишонма, ҳаргиз, эй масту аласт,

Гар хазинанг бўлса, келмас ичкилик олдида бас,

Бир нафасда йўқ қилодур чун олов олдида хас,

Оқил эрсанг, бу сўзим эсдан чиқарма бир нафас,

Калтак олиб иқтисодингни қуводур ичкилик.