Исмоил Маҳмуд Марғилоний

 

БЎЛГАЙ ЛАТИФ

Хуш калом, фикру малоҳат
бирла дил бўлгай латиф,
Ҳусну хулқ, лутфу латофат
бирла дил бўлгай латиф.

Ким улуғлар дил билан
топгай саодат манзилин,
Дил билан топган фароғат
бирла тил бўлгай латиф.

Ҳақ таоло бандасин
аслини эъзоз айлади,
Аслидин топган ҳидоят
бирла дил бўлгай латиф.

Ишқ – иродат бирла қалб
топгай Яратган фазлини,
Фазлидин топган шижоат
бирла дил бўлгай латиф.

Топмади ҳаргиз ямонлар
ҳеч илоҳнинг неъматин,
Неъматин топган мақомат
бирла дил бўлгай латиф.

Икки олам фикратин ким
руҳда қилди ихтиёр,
Фикратин топган ҳарорат
бирла дил бўлгай латиф.

Бу шарофат ичра, Маҳмуд,
топмадинг ҳаргиз ҳусн,
Бас, азал битган рисолат
бирла дил бўлгай латиф.

 

САРСОН АБАС

Ўтди умринг кори ғафлат ичра, воҳ, сарсон абас,
Шул сабаб бўлди самарсиз ҳар даму имкон абас.

Дабдаба, айшу фароғат ичра толе изладинг,
Бўлди дил шайтонсифатлар бирла зор-гирён абас.

Кўз тикиб дунё молига қонди дил нафс комидин,
Тўлди дил ичра кароҳат, бўлди тан бежон абас.

Юрмадинг ҳақ йўлидан ақли расолар бирла ҳеч,
Кетди йўқлик ичра, воҳ, ўтган онинг вайрон абас.

Бу ҳаёт саҳнида асло билмадинг ҳаддингни сен,
Этди хор дунё ғами, воҳ, бўлди куч-дармон абас.

Кетди қувват дарбадарлик, маъсият илкида, воҳ,
Мақдаминг шарр ичра етди, турганинг майдон абас.

Маҳмудо, оч қалб кўзингни, бандалик расмин тутиб,
Айла эмди, бас, тазарру, бўлмайин армон абас.

 

ДАРКОР СУКУТ

Аҳли диллар бирла суҳбат қурсангиз даркор сукут,
Кўп улуғ ҳикмат топурсиз этсангиз такрор сукут.

Ишқ билан қалб риштаси топгай Ўзини бехато,
Ўзидин кўнгилни огоҳ этгучи бедор сукут.

Аҳли донишлар масофа билмагай очун аро,
Ҳол бирла, бас, аён этгай ўзин бемор сукут.

Ким мулоқот айласа жим, сир ила руҳ ичраким,
Ўзидин ортиқча сўзни айлагай инкор сукут.

Бас, кўнгилларга фароғат ҳамда роҳат бахш этар,
Ким азизларни зиёда айлабон хушдор сукут.

Бесукут сўз очди кимки, асли нодон шу эрур,
Бундайин касларга доим муддаий, ағёр сукут.

 

БЎЛМА ҒОФИЛ

Бўлма ғофил, бу ҳаётда, ҳар нафасдан топ зиё,
Кечаму кундузму бекму хору хасдан топ зиё.

Офтобу ойнинг зиёси барчага бирдек аён,
Қудрати изнида балққан турфа сасдан топ зиё.

Қумрию булбул овози ким азалдан хуш турур,
Анга жўр пойингдаги фарёдрасдан топ зиё.

Яхши-ёмон ичра олам эврилур, билмай тўзим,
Иккисидан ранж чекиб ётган ул касдан топ зиё.

Боғми ё ёбон қолурким, мақдамингдан, эй рафиқ,
Ғойиби руҳда шараф топган ҳавасдан топ зиё.

Ожиз ақлинг олмагай, бас, сунмаса ёр нурини,
Фурсати берган зиё бору абасдан топ зиё.

Дил аро, Маҳмуд, саодат изла ишқ майдонида,
Неъмати бирла Худо берган жарасдан топ зиё.