РОЖИЙ МАРҒИНОНИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

 

На гирёнман, на сўзонман, на ёр кўйида жўёнман,

На хушхонман, на комронман, на бир соҳиби ирфонман,

На ҳайронман, на нолонман, на бир аҳли дуохонман,

Нечук жонман, паришонман, сару по айбу нуқсонман,

Ёмонман, йўлдан озғонман – на инсонман, на ҳайвонман.

 

На уқбо наҳлин ўтқаздим, на дил зангини кетказдим,

На бир хайр ишни битказдим, на йўл зодини[1] тўлғаздим,

На бир дил дардини ёздим, на бир муҳтожга қўл чўздим,

Абас умримни ўтказдим, гунаҳлар дафтарин ёздим,

Маосий[2] даштида оздим, тополмай йўлни ҳайронман.

 

Заҳил бўлди рўйи олим, на суд берди пулу молим,

Тўкиб учқур пару болим, фалак қаддим букар золим,

Ҳеч ўзгармас деб аҳволим, кечиб ишратда аъмолим,

Ўтуб кетти маҳу солим, оқарди сочу соқолим,

Дигаргун бўлмади ҳолим, маолимдин[3] паришонман.

 

Келибдур айши комим деб, ҳали етмас заволим деб,

Чиқиб кўкка ҳилолим деб, бугун айни камолим деб,

Насиҳат этса золим деб, шудур асли фиол[4]им деб,

Олиб касбу ҳалолим деб, ҳақи мардумни молим деб,

Есун аҳли аёлим деб югурган қавли ёлғонман.

 

Ўтиб умрим залолатда, кароҳат кўп ибодатда,

Топиб нафсим ҳаловатда, таним яйрайди роҳатда,

Ҳисоб етган у соатда руҳим инграр хижолатда,

Ўғил-қизлар қиёматда қочар мазмуни оятда,

Алар деб ман ҳалокатда, жаҳон расвоси нодонман.

 

Кетибдур, кўзда нурим йўқ, оғизда битта дурим йўқ,

Юрак тўлган ғурурим йўқ, кўнгилда ул сурурим йўқ,

Ёниб тургувчи қўрим йўқ, кеторим нақд, қолурим йўқ,

Қарибман – танда зўрим йўқ, йигитликдан шуурим йўқ,

Гуноҳимдин ҳузурим йўқ, на суд эмди пушаймонман.

 

Тўкилмай кўзда нам, ё Раб, юрибман мисли Жам, ё Раб,

Гунаҳдир ҳар қадам, ё Раб, охири дард-алам, ё Раб,

Сочиб қаҳринг бу дам, ё Раб, қилмагайсан ситам, ё Раб,

Қулунгдурман манам, ё Раб, гуноҳимдан на ғам ё Раб,

Агар қилсанг карам, ё Раб, зиҳи мамнуни эҳсонман.

 

Бу дунё домларин очти ва лек раҳмингга рожийман5,

Йўлимга зарларин сочти, Санинг ҳукмингга рожийман,

Толиб дер: “Ғамларим тошти, Санинг меҳрингга рожийман”,

Гуноҳим ҳаддин ошти, лек ғуфронингга рожийман,

Қиёмат шиддати ваҳми билан тарсону ларзонман.

 

Толибжон Рўзибоев

Фарғона



[1] Йўл зоди – йўлда керак бўладиган нарсалар.

 

[2] Маосий – осийлик.

 

[3] Маол – амаллар.

 

[4] Фиол – феъл-атвор.

5 Рожий – умид қилувчи, сўровчи.