Абдусамад Охунд Қосим Охунд ўғли 1897 йили Марғилон шаҳрининг Қашқар маҳалласида туғилган. Шу ерда яшаб, ижод этган ва 1973 йили 76 ёшда вафот этган.

Замондошлари эслашича, Охунд дада камсуқум, дилкаш, муомалали киши бўлган. Қоил (айтувчи, сўзловчи) тахаллуси билан шеърлар ёзади. Халқни шу йўсин ҳидоятга, эзгуликка чорлашга киришади. Шоир девон ҳам тартиб қилган. Қуйида шу девонга кирган ғазаллардан ўқийсиз.

 

Ё РАБ...

 

Илоҳо, қил карам, ҳоли паришон бандаман, ё Раб,

Хатокору сару по айбу нуқсон бандаман, ё Раб.

Кўнгулда ранг-баранг нақши ҳаваслар жилвалар айлаб,

Хаёли зиндагони бирла ўтган бандаман, ё Раб.

Ҳаловат зарра-зарра тоатимдан ҳосил ўлмайдур,

Ҳамоноки риё бодига берган бандаман, ё Раб.

Нечук андишалар бирлан ўтубдур моҳ ила солим,

Хаёлимга келиб андин уятган бандаман, ё Раб.

Ғубори дилни пок этмак керак эрди назаргоҳинг,

Қабули халқ учун зоҳир тузатган бандаман, ё Раб.

Экан андишайи нафъи, зарар васвасайи шайтон,

Анинг-чун лаззати тоқат йўқотган бандаман, ё Раб.

Имора орзуси, боғ-роғ андишаси бирлан,

На эрди тўбийи уқбо, унутган бандаман, ё Раб.

Манга аҳли аёлимни тарбият қилмоқ керакдур деб,

Ҳаётим фикри нон бирла тугатган бандаман, ё Раб.

Дилимга ҳасрати уқбо узоқ муддатда бир келгай,

Ҳама оҳим ғаму дунёга таратган бандаман, ё Раб.

Эрурсан Қоил “Ла тақнату мин раҳматиллоҳ”ни[1],

Агарчанди хато лойига ботган бандаман, ё Раб.

 

КЕЧМАГУНЧА

 

Худога нафсидан кечмагунча тоат қилолмайдур,

Очиқдур чашми худбини, ҳақиқатни кўролмайдур.

Етар аҳли тажарруд кўз очиб юмгунча манзилга,

Ҳаво боди гирони бирла йўл юрган тополмайдур.

Халойиқ ошу нонига кўнгилни боғлаган зоҳид

Тамаллуқдан, риёдан холи бир сўзни диёлмайдур.

Ғазаб ўртага кирса, ҳар ду жониб бўлса аллома,

Ўғирлаб фаҳмини шайтон, муродини билолмайдур.

Ишонса илмига, тоатларига эътимод этса,

Ҳамиша нафси шайтон бирладур ҳеч ажратолмайдур.

Ҳидоят айлаган қулларни тавориғда[2] рафиқ этса,

Кириб шайтон дилига, фаҳму бежо ташлаёлмайдур.

Ҳавойи кибри индаллоҳ[3] ёмондур барча бутлардан,

Чиқиб бу пардадан, уқбо йўлига ишлаёлмайдур.

Ризо имонни нуридур, тама туғён ғуборидур,

Яқин ойинасига боқмагунча ажратолмайдур.

Агар инсоф ила ойинайи ажзига боқмайдур,

Жаҳонда ҳеч ким нуқсонига Қоил бўлолмайдур.

 

ТОПАРСАН

 

Топарсан ҳожатингни изласанг мулки қаноатдан,

Агар қурбат талабдурсан, бўлур ҳосил риёзатдан.

Тилингни сақлагил беҳудагўйликдан, зарар кўпдур,

Ҳаловат ахтарар бўлсанг агар қилган ибодатдан.

Дилингда сақлама ҳиқду[4] ҳасад, кибру ҳаво қилма,

Агар маҳшар кунида қўрқаман дерсан хижолатдан.

Дилингни ўлдирур кўп кулки бирлан қовли[5] бемаъни,

Сўзингни сўзлаганда қилма ортиқ қадри ҳожатдан.

Қараб нафсингни ройига ёмон андишалар қилма,

Шарафдир ҳосил ўлган ҳар кишига яхши одатдан.

Талаб қил рутбайи ирфон, жаҳондин жаҳл ила ўтма,

Чақиргайлар сани маҳшар куни аҳли саодатдан.

Кўринса ҳар кишидан ҳарки одат, анча ҳушёр бўл,

Бўлур баъзи каромат, баъзиси бўлгай иҳонатдан[6].

Кишининг кўнглига ҳаргиз сабабсиз етмасин озор,

Фасоди бир неча кунлар келар баъзи жароҳатдан.

Қилиб кибру ҳаво, ман-ман демак кўнгулга сиғмайдур,

Агар ҳар кимда бўлса заррача ваҳми қиёматдан.

Тамоми аҳли имонга таворихинг ровий айлаб,

Ҳақиқат Қоилий қил, чиқмасун роҳи ҳидоятдан.

 

Абдулфаттоҳ ҲУСАНОВ нашрга тайёрлади.



[1] “Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлманглар” оятига ишора.

 

[2] Тавориғ – йўллар.

 

[3] Индаллоҳ – Аллоҳ наздида.

 

[4] Ҳиқд – кўролмаслик, кин.

 

[5] Қовл (қавл) – сўз, гап.

 

[6] Иҳонат – хиёнат.