Салоҳиддин МУҲАММАД

 

ВАТАН

Сен менинг отамсан,

меҳрибон онам.

Ичкуяр синглимсан

ғамхўрим – онам.

 

Биз битта оила,

Сен билан бир тан.

Ўзинг саждагоҳим,

Муқаддас Ватан!

 

Боболарим даврон

Сурган заминим.

Момолар кўз очиб

кўрган заминим.

 

Кучимиз бирликда –

Буюк Темурдан.

Ўзинг саждагоҳим,

Муқаддас Ватан!

 

Тандиримда пишган

иссиқ нонимсан.

Онам қўлларида

йўғрилган кулчам.

 

Ҳар кимнинг юрти ҳам,

ўзига гўзал.

Бундай юрт қайда бор,

тўрт фасли тугал.

 

Тошу тупроғингни

кўзга суртаман.

Ўзинг саждагоҳим,

Муқаддас Ватан!

 

Ўзи бек, ўзгалар

ғамида куйган,

Боболар меросин

дилида туйган.

 

Сабрли халқимсан

Аллоҳ ҳам суйган.

Ўзинг саждагоҳим,

Муқаддас Ватан!

 

Бу туйғу меҳрингдир,

кўзларда қувонч.

Элим деб, юртим деб

ёнса ҳар инсон.

 

Байроқдор Юртбошим

қалбини тутган.

Ўзинг саждагоҳим,

Муқаддас Ватан!

 

 

ИЛТИЖО

Ё Раб, Сенга сиғиндим, вафодан қисма.

Кўнглимни нурга тўлдир, даводан қисма.

 

Эзгу тилак дилимизда – халқимни қўлла,

Осмону ер аро пок ҳаводан қисма.

 

Ёмонликни ҳаттоки хаёлимдан қув,

Дилозорлик қилсам гар жазодан қисма.

 

Душманларимни доим инсофга чорла,

Ёлғиз Ўзинг суянчим, паноҳдан қисма.

 

Икки нафсим балодир, койиши жоннинг,

Кўнглимни, кўзларимни ҳаёдан қисма.

 

Хатолиғ кимдан ўтмас, Раҳмоним Ўзинг,

Ўтганларимни, ё Раб, Маъводан қисма.

 

Имон ҳамроҳинг бўлсин, Салоҳ, ҳар доим

Яхшиларни ёд этиб, дуодан қисма...

 

 

СОҒИНИБ ЮРСАМ...

Маъюс кўзларимдан сирғалар нажот,

Сўнгги тутганим ҳам туш экан билсам.

Сўнгсиз айрилиққа кўндирган ҳаёт,

Майлими мен сени соғиниб юрсам!

 

Бағримда кезмоқда саҳро шамоли,

Бехосдан қуриган дарахтдай пурғам.

Тўрт томонга тинмай чопган хаёлим,

Майлими мен сени соғиниб юрсам!

 

Қовжираб бормоқда мастона кўнглим,

Адоғи кўринмас ҳижрондир йўлим.

Эй сен, олисларда бахт топган гулим,

Майлими мен сени соғиниб юрсам!

 

Бир лаҳза ичинда куйдимми ўзим,

Қучганим армонлар ўйдими кўзим.

Бўғзимга тиқилиб қолган дил сўзим,

Майлими мен сени соғиниб юрсам!

 

Ургут тумани