Абдулҳамид ИСО

 

БАЙТИНГГА ЧАҚИР, ДЕДИМ

Беминнат офтоб экан, умримиз шитоб экан,

Қолари савоб экан, яхши дўст китоб экан,

Ҳаммамиз меҳмон экан, сўнгимиз туроб экан,

Сўнгимиз туроб экан.

 

Тонг саҳар азон бўлди, меҳроб чароғон бўлди,

Ҳақ деб йўлга чиққаннинг кўнгли Ҳақ томон бўлди,

Самодан нурлар ёғди, тиловат Қуръон бўлди,

Тиловат Қуръон бўлди.

 

Бухорий қабри обод, темурийлар руҳи шод,

Дунёга бўйлар ёшлар, қадлари бўлиб шамшод,

Елкага тегиб офтоб, элимиз озод бўлди,

Элимиз озод бўлди.

 

Кексалик келар аста, майли-да, шукр, дедим,

Ҳей, ғафлатда қолмагин, савоб-чун югур, дедим,

Ўзингсан қодир Эгам, байтингга чақир, дедим,

Байтингга чақир, дедим.

 

ҲАҚИҚАТ

Илдамлаб борар дунё,

Кундан-кун тўкис ҳашам.

Лек ўзгармас ашёлар,

Тобут – ўша, бешик ҳам.

Иккиси ҳам тол ёғоч

Иккиси ҳам чўбин от.

Улар – кема, манзили –

Дунё ва боқий ҳаёт.

 

Ўзбекистон тумани