Абдулкарим Баҳриддин

 

* * *

Тонгдан дилга тушди бир маъюс ҳасрат...

Дўст сари отландим, йўлдан қайтмадим.

Лекин дўстим эди жуда ҳам хурсанд,

Мен ҳам кулиб турдим.

Дардим айтмадим.

 

Бориб сўзлай дедим отам, онамга –

Йўқ-йўқ, кўп озорлар етказдим ростдан.

Озроқ ақлим кирди.

“Бахтиёрман” деб

Ота уйдан қайтдим дардим айтмасдан.

 

Кимга борсам, айтар ўз қувонч-ғамин,

Мен фақат тингладим,

Сўзлай олмадим.

Бахтлиларнинг базмин келмади бузгим,

Бахтсизларга баттар қайғу солмадим.

 

Айтсам бўлар эди ёрим, боламга,

Кўнглимни ҳасратим ялар бетиним.

Болам жилмаярди ёруғ оламга,

Тинмай кулар эди бахтли хотиним...

 

Билдим,

Ғамгин одам ёқмас ҳеч кимга,

Ҳеч қайси маконда ёқмас кўзёши.

Ё Аллоҳ,

дардимни айтдим Ўзингга,

Йўқдир Сендан бошқа менинг дарддошим...

* * *

Ё Аллоҳ, бандангман, дилафгор қилма,

Номард эшигида талабгор қилма,

Олам жамолига айлама ошиқ,

Шоҳларнинг нонига харидор қилма.

Хор қилма, хор қилма, хор қилма, Аллоҳ.

 

Дунё жуда гўзал, гулдай санамлар,

Райҳоннинг баргида сузар шабнамлар.

Нозикбел майсалар эшилиб ўйнар,

Ўтар ширин кунлар, ойдин оқшомлар –

Ўткинчи дунёга ёр қилма, Аллоҳ.

 

Зим-зиё коинот ичинда мен ҳам –

Ёниб тугаётган милтироқ бир шам.

Ўзинг мадад бергил! Сен қутқармасанг –

Қутқара олмайди одамни одам,

Инсонни инсонга зор қилма, Аллоҳ.

 

Дўстларга сабр бер, шодлигу шон бер,

Яхшилик деганга ишонч, имон бер.

Ҳамма ишимизни кўриб турибсан –

Кўнглимизни кенг қил, дарёзабон бер,

Йўллар – тор, дилларни тор қилма, Аллоҳ.

 

Борарман исмингни дилимда қутлаб,

Бошимда айланар нотинч булутлар.

Оёғимга тинмай осилар ўтлар,

Безовта силкинар тераклар, тутлар.

Дарахтни бешик қил, дор қилма, Аллоҳ.

 

Ўткинчи дунёга ёр қилма, Аллоҳ.

Инсонни инсонга зор қилма, Аллоҳ.

Йўллар – тор, дилларни тор қилма, Аллоҳ.

Дарахтни бешик қил, дор қилма, Аллоҳ.

Хор қилма, хор қилма, хор қилма, Аллоҳ...

* * *

Ноаён,

Бепоён,

Улкан дунёда

Инсон бир тўзиган гард каби, эвоҳ.

Миллиард одамларга тўлган дунёда

Ҳеч бир бандасини унутмас Аллоҳ.

Кишини ғам билан қолдирма якка,

Ҳеч кимни йўқликнинг қаърига отма.

Номардга дил бергин, қувват бер мардга,

Мени ҳам унутма

 

Токим қуёш чиқар ҳар тонг саҳарда,

Коинотда ҳорғин ер кезар токим –

Бу кенг самоларда,

Қаро ерларда

Ўзингсан ҳоким,

Ё Раббим.

Беморга шифо бер, соғларга – умр.

Ёлғизга – йўлдошу, юпунга – тугма.

Очларга нон бергин, тўқларга – шукр,

Мени ҳам унутма.

 

Уйсизга уй бергин, йўлсизга йўл бер,

Саҳрога – ёмғиру тоғларга – шамол.

Маддоҳ фаҳм топсин, гунгларга тил бер –

Муаттар сўзларни айтсин бемалол.

Борларга инсоф бер, ғарибга – сабр,

Ботирга – тулпору олимга – рутба.

Ким ўлса, бер майин тупроқли қабр,

Мени ҳам унутма.

 

Ёзда нурлар сочгин, қишда қор ёғсин,

Кўкда – бургут, сувда балиқлар оқсин.

Кар қулоқлар ногоҳ очилсин, Аллоҳ,

Кўр кўзлар ярқ этиб оламга боқсин.

Сендан бошқа ҳеч ким бермас беминнат,

Кимдан ҳам тилайлик, воҳ, Сендан бошқа –

Шафқатни ҳеч кимдан Сен дариғ тутма,

Адашган барчани ҳақ йўлга бошла,

Мени ҳам унутма.

 

Нафсимни жиловла ва ҳирсни совут,

Руҳимни чархлагин, кўнглимни кенг қил.

Бешикдан тушганнинг тулпори – тобут,

Бизни ҳам азизлар қошида тенг қил.

Беҳишт ариғидан асал сут ичир.

Тириклик гулини асло сўлитма.

Ғофилни кечиргин, ҳаммани – кечир,

Мени ҳам унутма...

Кечир.

 

* * *

Бу дунёдаги одамлар уйқудалар,

ўлгач – уйғонадилар, надомат

чекадилар, аммо надоматлари уларга

фойда бермайди. Ўлимни шу дунёда

ўйланг. Надоматни шу дунёда

чекинг. Тавбани шу дунёда қилинг.

Дунё – Аллоҳни таниш учундир.

         Саҳл ибн Абдуллоҳ ТУСТАРИЙ

Балким, ҳали ёшман,

гоҳо бебошман,

балким, юксакларни

кўзлар тилагим

ва лекин қариди –

билдимки, тошмас –

чирпанди, чарчади

бу кун юрагим...

 

Биламан, бошланган

ҳар не тугайди –

япроқ хазон бўлар,

емирилар тоғ ҳам.

Сувлар оқиб кетар,

дарё қурийдир,

охир ўтин бўлар

яшнаган боғ ҳам.

 

Аллоҳ, мен Ўзингга

келдим оқибат –

равон эт тилимни,

очгил дилимни:

аччиқ ҳаёт учун

айтурман раҳмат

ва қақшаб кутарман

ширин ўлимни.

 

* * *

Кўрдим: умр ва дунёдан кўра тез

ўтиб кетадиган, ўлим ва охиратдан

кўра яқинроқ, орзу-ҳавасдан кўра

бепоёнроқ, хотиржамликдан кўра

гўзалроқ нарса йўқ, биродарлар.

                                        Нажмиддин КУБРО

 

Шукр, Аллоҳ, оламни яратдинг,

унда отам, онамни яратдинг

ва улардан мани яратдинг –

шукр, Аллоҳ, абадий шукр.

 

Шукр, олган нафасим учун,

муҳаббатим, ҳавасим учун,

изтиробим ва охиратни ўйлаб

ёшдай қалқиб турган юрагим учун –

шукр.

 

Борига – шукр

ва йўғида берган

сабринг учун шукр,

шукр, Аллоҳ.