Икром НАЗРУЛЛО

 

Кел, Ватан мадҳини бирга куйлайлик

 

Қувончу дардини баҳам кўрайлик

Ватан бир, бир умр бирга бўлайлик.

Йиғласа йиғлайлик, кулса кулайлик,

Кел, Ватан мадҳини бирга куйлайлик.

 

Дунёда боримиз, шонимиздир у,

Ҳеч кимга топтатмас шаънимиздир у.

Беминнат, беғараз, тотли нон-суви,

Кел, Ватан мадҳини бирга куйлайлик.

 

Бугунин, эртасин бирга кўрайлик,

Бағрида ўсмоқда навқирон авлод.

Порлоқ келажагин бирга қурайлик,

Кел, Ватан мадҳини бирга куйлайлик.

 

Инсон қадрининг ҳеч ўлчови йўқдир,

Уйинг обод бўлса, кўнглинг ҳам тўқдир.

Бироқ энг оғири ватансизликдир,

Кел, Ватан мадҳини бирга куйлайлик.

 

Меҳрин маҳкам жойлайлик кўнгилларга,

Ҳар қаричин тўлдирайлик тоза гулларга,

Қувонч, меҳр улашиб пок ниятли элларга

Кел, Ватан мадҳини бирга куйлайлик.

 

 

ВАТАН

 

Агар сенга Ватан керакдир,

Сен Ватанга кераксан.

Сен Ватан ичра-ю, меҳринг йўқ,

Сен Ватандан йироқсан.

 

Баландпарвоз сўзлар билан

Ватан қадри англанмас.

Агар билсанг, у бир тандир,

Сен ундаги юраксан.

 

* * *

Юлдуз бўлиб

Порлашим мумкин.

Қуёш бўлиб

Чорлашим мумкин.

 

Лек мен сенсиз,

Она Ватаним,

бўлолмасман

ҳатто бир учқун.

 

ОЙДИН ТУН

 

Ойдин тун,

Нозланиб сузмоқда малак.

Олис-олислардан милтирар юлдуз.

барибир юпун...

 

Нимадандир безовта юрак,

Соғинчданми, ғамдан билмадим.

Наҳотки мен ўз юрагимни

Бугун ўзим тушунолмадим.

 

* * *

Кунлар ўша-ўша, тунлар ҳам ўша,

гўёки ҳеч нима ўзгаргани йўқ.

Лекин юрагимнинг қай бир буржида

сезяпман оғриқ...

 

Балки бу шафқатсиз йиллар залвори,

балки бу умрнинг қайтмас баҳори.

Балки бу соғинчнинг унсиз шивири,

балки бу юракнинг илоҳий сири.

 

Кунлар ўша-ўша, тунлар ҳам ўша,

Гўёки ҳеч нима ўзгаргани йўқ.

 

ТЎРТЛИКЛАР

 

* * *

Ҳаёт синовлардан иборат, дўстим,

машаққат қўрғони ичра пинҳон бахт.

Чексиз коинотда муаллақ замин,

унинг бошида ҳам минг бир машаққат.

 

* * *

Ўзини овутиб ўтирар бола,

мурғак дунёсига ётдир қайғулар.

Унга тикилади мўлтираб она,

маҳзун юрагида ташвиш, орзулар...

 

* * *

Ичкилик бошни хам, кўзни нам қилур,

юзи йўқ, кўзи йўқ бир одам қилур.

Бу ҳам етмагандай, умринг қилиб кам,

ўзингни ўзингга қотил ҳам қилур.

 

* * *

Соғинган кўз, интизор юрак,

Йўларингга муштоқман гарчи.

Соғинчларни бардошга ўраб,

Мен ҳижрондан тузгум арғамчи.