Абдулҳай НОСИР

 

Расулуллоҳ айтмиш:

Адашиб юрманг,

Тўрт нарса бадбахтлик нишонаси-да.

Қошида бош эгиб таъзимда турманг

Асл ёмонликнинг кошонасида.

 

Кўзлар қуриб-қуршаб, билмаса йиғи,

Қалблар қаттиқлиги тошни кемирса.

Орзу-ҳавасларнинг чархланиб тиғи,

Дунёга ҳирс қўйиб, борин шимирса...

 

Зорлик ғунчалари очилиб бехос,

Хорлик кўчасига сочилур қийғос.

 

Расулуллоҳ айтмиш:

Тирик зотлар бор,

Барининг қўлида тешаси бўлсин.

Меҳнат майдонида чалганида тор,

Ғайрату шижоат ошнаси бўлсин.

 

Майли, у деҳқонми, олим, муаллим,

Бу дунё кўркини айласин гулзор.

Элдан таълим олсин,

Ва берсин таълим,

Зеро, дангасадан Худо ҳам безор.

 

Расулуллоҳ айтмиш:

Бергин-да бардош,

Отам ўлди дея куйинма сира.

Умр, ўлим яқин мисли кўзу қош,

Ўйлайвериб кўнглинг айлама хира.

 

Марҳумга савоблар йўллаб бир олам,

Номини дилингда ёд ола билгин.

Отанг дўстларини азизла, болам,

Отанг дўстларига яхшилик қилгин.

 

* * *

Жаннат қиёсини изладим кезиб:

Топганларим яшил боғу боғчалар.

Булоқлар қайнади меҳримни сезиб,

Меҳрини тўшади йўлга шохчалар.

 

Бунчалар шарафга муяссар юртим,

Ойдин қўшиқларга айланган чаман.

Муборак ҳадисни ўқиб-да, билдим,

Жаннат оналарнинг кўнглида экан...

 

* * *

Аллоҳ берган қўлларга шукр:

Меҳнат билан гуллатиб чаман –

Пешонамга бағишлайди нур –

Дуоларга кафтим очаман.

 

Пок кўнгилни тўлдирар ёғду,

Унга Раббим раҳмати бисёр –

Нақшбандий нидоси мангу:

“Дил ба ёр-у, даст ба кор...”

 

* * *

Шайтон деганлари ёпишқоқ экан,

Шуълага ўхшаган жимжима, рангин.

Дўст дебон жонларга санчилган тикан,

Билдим, бошлаганда хиёнат жангин.

 

Жонимдан суғуриб олайин десам,

Мени судраб борди ўрларга юзсиз.

Аллоҳ дейман доим,

Аллоҳ мукаррам,

Шайтон пойларимга йиқилар ҳушсиз.

 

Тошкент