Мурсалхон ОБИДОВ

ТЎРТЛИКЛАР

* * *

Беш асрдан бери ўчмас бу наво

Туркийлар кўнглининг тилмочи бўлиб.

Навоий ижоди тоза бир ҳаво,

Нафас олгин энди кўкрагинг тўлиб.

 

* * *

Биргина япроқда мингбитта чизги,

Табиат ҳуснидан лол қолур киши.

Рассом ҳайрат билан жим боқар унга:

Ё тавба, бу қайси наққошнинг иши...

 

* * *

Меҳр-ла тирикдир аслида олам,

Меҳрдан тошлар ҳам дурга айланган...

Шунчалар буюкдир бу ҳиснинг кучи,

Замин ҳам қуёшга шундай бойланган.

Касби тумани

 

Муҳтарама БАҲРОМОВА

ҲАР ТОНГ

Ҳар тонг шундай дийдорлашайлик,

Омонмисиз, опажоним!.. денг...

Укам, синглим, акажон, иним,

Кўнглингизни бир дам қўйинг кенг.

Танишмисиз ёки нотаниш,

Ўзингизга қадрдон билинг.

Бўлса ҳамки, минг ўй, минг ташвиш,

Учрашганда табассум қилинг.

Мен-чи, сизни бағримга босиб,

Меҳрим билан гулларга ўрай.

Яхши кунлар этсин-да насиб,

Сизни доим бахтиёр кўрай.

Қондошгинам, қилмангиз унут,

Дунё бир кам, иши чигал-ку,

Бугун мени кўрдингиз хушнуд,

Эртага мен бўлмасман балки.

Йиллар ўтар, ўтар чарх уриб,

Дарё каби оқади фурсат.

Ҳар тонг қўлни қўлларга бериб,

Омонлашмоқ ўзи ғанимат.

Ҳар тонг шундай дийдорлашайлик,

Омонмисиз, опажоним!.. денг...

Қарши тумани

 

Абдували АБДУНАЗАРОВ

ТЎРТЛИКЛАР

* * *

Дардларнинг ичида ёмони – ҳасад,

Қалбга ўрнашдими олади фасод.

Дилинг ҳам, тилинг ҳам шунга мос бўлса,

Эй инсон, чиндан ҳам бозоринг касод.

* * *

Шамол эсганида шамлар ўчади,

Ғафлатга берилсанг, ақл қочади,

Сенда ғолиб бўлса нафси аммора,

Чин дунё йўлини зулмат қучади.

* * *

Баргнинг сарғайиши кузга ишора,

Умр селдек оқиб ўтмоқда, қара.

Яхшилик уруғин экавер тинмай,

Ахир ўлимга йўқ ҳеч қандай чора.

* * *

Қоронғу зулматдан зиё истама,

Қалби нопоклардан ҳаё истама,

Кимдандир яхшилик кўрсанг, кўрмасанг,

Доим яхшилик қил, зиён истама.

Хонобод шаҳри