Ёқуб АҲМАДЖОНОВ

ДАРД ҲАМ МЕҲМОН ЭРУР…

 

Меҳрибон зот Раббимиз доим ҳозир тургувчидир,

Гар адашсак раҳм этиб, манзил томон бургувчидир,

Бу оламда ҳар киши эккан донин ўргувчидир.

Дардни берган ул Эгам шифони ҳам бергувчидир,

Яхши кўрган бандасин гоҳ-гоҳ синаб кўргувчидир.

 

Кимсаки бемор бўлиб, фаҳму фаросат айлагай,

Ҳазрати Айюб каби ул сабру тоқат айлагай,

Бор гуноҳдан покланур, дарди каффорат айлагай,

Дардни берган ул Эгам шифони ҳам бергувчидир,

Яхши кўрган бандасин гоҳ-гоҳ синаб кўргувчидир.

 

Намрудни Ҳақ суймади, дард билмай кетди бенишон,

Дард чекканлар биз каби Расулуллоҳ ҳам бир замон,

Иситма бир ўт эрур, гоҳ тобланур тан бирла жон,

Дардни берган ул Эгам шифони ҳам бергувчидир,

Яхши кўрган бандасин гоҳ-гоҳ синаб кўргувчидир.

 

Бетоб одам ўй суриб, саломатлик қадрин билур,

Яхши-ёмон ишлари кўз олдига бир-бир келур,

У тузалгач, шашт билан савоб томонга интилур,

Дардни берган ул Эгам шифони ҳам бергувчидир,

Ўзи суйган бандасин огоҳ этиб тургувчидир.

 

Хаста бўлсанг, эй Ёқуб, зинҳор шикоят қилмағил,

Бир дардингни эл аро минг бир ривоят қилмағил,

Дард ҳам меҳмон эрур, унга маломат қилмағил.

Дардни берган ул Эгам шифони ҳам бергувчидир,

Ўзи суйган бандасин гоҳ-гоҳ синаб кўргувчидир.

 

ДУО

 

Илоҳи, ҳолимга сен назар қилғил,

Гуноҳим китобин мухтасар қилғил.

Мен ғофил банданинг қолган умрини

Истиғфор, тавбага баробар қилғил.

 

ЖИГАРБАНД

 

Одам дунё бекатида меҳмондир,

Буни билган ўз нафсига хор бўлмас.

Оға-ини агар бир тан, бир жондир

Бошқаларнинг карамига зор бўлмас.

 

Меҳр деган кўнгилдаги дарёдир,

Усиз олам қуп-қуруқ чўл-саҳродир.

Яхши ака ота ўтгач отадир,

Оқибат бор хонадон ҳеч тор бўлмас.

 

Ғаним чиқар хушомадгўй улфатдан,

Эҳтиёт бўл борингга дўст номарддан.

Гар ёстиққа бошинг етса бир дарддан,

Жигарингдан бошқа сенга кор бўлмас.

 

Тилло занжир увол қинғир эшикка,

Ёрдам берсанг, бергин ақли етукка.

Ўнта ўркач ўрнатсанг ҳам хўтикка,

У барибир туя бўлмас, нор бўлмас.

 

Аё Ёқуб, ҳой-ҳавас деб чопарсан,

Яқинлармас, ётга қучоқ очарсан.

Гар йўқотсанг, ёр ҳам, дўст ҳам топарсан,

Лек йўқотсанг, ининг қайта бор бўлмас.

 

ТАВҲИД

 

Денгизлар тубида пинҳон жавоҳир,

Бу мавжлар инжумас, алдайди зоҳир.

Фақат у ягона, тенгсиз, беназир,

Бир Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ.

 

Фанода, бақода беминнат ғаффор,

Яратган эгангдир, унутма зинҳор.

Аввалда бор эди, охирда ҳам бор,

Бир Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ.

 

Наманган

 

 

Фазилат НИЗОМОВА

НАСИҲАТ

 

“Не иш қилсам яхши инсон бўлгум, она” –

Гўзал савол бердинг бугун менга, болам.

Бу сўзингдан юрагимга кирди ҳузур,

Чексиз қувонч ила қўлга тутдим қалам.

 

Олдин Ҳақни тани, бўлма асло жоҳил,

Илм денгиз, жаннат эрур унга соҳил.

Яратганга ҳар дамингда қил итоат,

Унга ихлос-муҳаббатинг бўлсин асл.

 

Расулининг дийдорига жоним берай,

Ўшал зотга қўшни қил деб Ҳақдан сўрай.

Ҳар ишингда суннатига амал қилгин,

Саодатманд уммат бўлгин, алқаб юрай.

 

Мужтаҳиду муҳаддислар издоши бўл,

Улар қандай билим олган, қил тафаккур.

Ажрата бил, фарқли бўлар ўнг билан сўл,

Адолатинг, мардлигингдан бўлай масрур.

 

Ҳунар ўрган, ризқу рўзинг бўлсин ҳалол,

Ҳар неъматни қадрлагин, этма увол.

Очиқ чеҳра, сахий бўл ҳам олийҳиммат,

Ота-онанг, элу юртинг дуосин ол...

 

Қамаши тумани

 

 

Абдумухтор ҒУЛОМОВ

РОЗИ ҚИЛ

 

Рози қилгин сен отангни,

      Токи тирик бу дунёда,

Афсус-оҳлар чекиб қолма

      Кетганида у дунёга...

 

Отанг сенинг қиблагоҳинг,

      Бузруквор деб билганинг соз,

Тоғдек хазина топсанг ҳам

      Отанг берган луқмадан оз.

 

Отангни норизо қилсанг,

      Пушмон бўларсан охири,

Ота кўнглини ўкситмоқ

      Гуноҳларнинг энг оғири...

 

Отангни норизо қилсанг,

      Аллоҳ сени кечирмагай,

“Ота рози – Худо рози”,

      Бу сўз бежиз айтилмагай.

 

Шаҳрихон

 

 

Муҳаммадамин ЖАББОРОВ

Тўртликлар

* * *

Кўзларимни бойлар, йўлим тўсар гоҳ –

Ҳар нарсани ризқим дея термайин.

Ўзгаларга муҳтож қилмагин, Аллоҳ,

Ҳеч ишда шайтонга улуш бермайин.

* * *

Шошилиб келамиз, шошиб кетамиз,

Ахир тайинли-ку борар манзиллар.

Ўзгалардан иззат-ҳурмат кутамиз,

Бироқ ёмон гапга бурродир тиллар...

 

Оқдарё тумани