Исҳоқхон НОСИРОВ

* * *

Ё Раб, мени раҳматга яқин айлагил,

Нашъу намоларда ҳазин айлагил.

Ҳар неча ситам бер, ўзга билмасин,

Куйдир бу танимни, чақин айлагил.

* * *

Эй Дўст, келдинг-да, кулбам мунаввар бўлди,

Жамолинг нури-ла қалбим тожвар бўлди.

Ишқ водийида хору паришон этма,

Васлинг умиди умрима меҳвар бўлди.

* * *

Ё Раб, сарв гулларин йиғдингу боғ эттинг,

Дашт хорларин жам қилдинг – тоғ эттинг.

Айлаб томоша ошиқлар бозори аро,

Жумла жаҳонни ишқ-ла фароғ эттинг.

* * *

Мени ишқ ўтига ташладинг, кут, дединг,

Тақдирда не бўлса сабр-ла ют дединг.

Қабули хотир эттим ширин сўзларинг:

Инъом санга бир чўғ, кафт тут, дединг.

* * *

Топмадим тенгингни осмону заминда,

Кўнглим нола чекар ишқинг ғаминда.

Матлабу мақсудим висолинг эрур,

Васлинг тилаб то абад турай каминда.

Тошкент