Бибисора ТУРОБ қизи

 

Илтижо

Осмону заминни яратган Тангрим,

Қалбни имон билан яйратган Тангрим!

Ижобат айлагил тилакларимни,

Доғини кўрсатма гўдакларимнинг.

 

Онаман, севгига садоқат айлаб,

Ўтгум етти ўлчаб, бир кесиб, ўйлаб.

Гули бўлиб ўтгум ҳаё, виждоннинг,

Йўли бўлиб ўтгум вафо, имоннинг...

 

Гуллаш мавсумида севги ато қил,

Севгидан кўкаргай ҳар яшнаган гул.

Кўкартир, бемаврид сўлмасин, Тангрим,

Ниҳолимни бўрон юлмасин, Тангрим.

 

Қизларимга онам чиройини бер,

Ўғилларим тўксин отам каби тер.

Йўлларида ҳасад девор қурмасин,

Гуркираган чоғи яшин урмасин.

 

Меҳнат, меҳнат қилсин, бахтини топсин,

Сўнг нафасда шулар кўзимни ёпсин...

Қабул айла, Тангрим, тилакларимни,

Бахтини бутун қил гўдакларимнинг...

 

Тўртликлар

* * *

Бу дунёда гуноҳсизга туҳмат ёмон,

Орқасидан тошлар отиш – ғийбат ёмон.

Ўзинг асра ёмонлардан, Парвардигор,

Ёмонлигин билиб қилсанг улфат – ёмон.

* * *

Бири кам дунёнинг ками мендадир,

Ташвишу ғавғонинг жами мендадир.

Кўзимни очгани қўймайди камлик,

Наздимда, дунёнинг ғами мендадир.

* * *

 

Ҳаёт

Онадан ёлғизман, отадан ҳам бир,

Елкамдаги юким катта ва оғир.

Эсимни танибман, масъул, бурчлиман,

Эсимни танибман, сенга ўчлиман...

Самарқанд