Ориф ТОЛИБ

 

ТИЛАК

Ўзидай мард бўлар йигитнинг сўзи –

Жону жигарига туташ илдизи.

Илойим, ерларга боқмасин кўзи –

Боши баланд бўлсин, сўзи синмасин.

 

Ҳар ким яшаб ўтсин ўзидан рози,

Ишонч билан, дадил чиқсин овози.

Қишга айланмасин баҳори, ёзи,

Юрагига қайғу-алам инмасин.

 

Бировнинг тинч уйин бузган кимсанинг,

Фасоду фитналар тузган кимсанинг,

Етимни, кучсизни эзган кимсанинг

Кўзларидан қонли ёши тинмасин.

 

Чин бахт насиб этар кўнгли соғларга,

Кутганлар соғ етсин кўклам чоғларга,

Жонон ҳаволи бу гўзал боғларга

Ичу таши қора зоғлар қўнмасин.

 

Дуога очайлик, келинг, қўлимиз,

Тангри рост айласин тутган йўлимиз.

Шундан равшан тортиб доим дилимиз –

Юракларда эзгу тилак сўнмасин!

 

ЎЗИНГСАН

Қоронғу йўлимни ёритсин имон,

Менга оғир ишни айлагин осон –

Нафсим енгилсину енгил тортсин жон,

Қалбимни покловчи Ўзингсан, Аллоҳ.

 

Сирот кўпригидир, аслида, ҳаёт,

Янглиш қадам боссам – топганим барбод.

Таваккул сенгадир, сендандир нажот,

Омонда сақловчи Ўзингсан, Аллоҳ.

 

Дунё ишларидан кўнглим чўғдир, чўғ,

Саволлар – заҳарга тўйган ўқдир, ўқ.

Аммо Қиёматни ўйлаб кўнглим тўқ –

Тўғрини оқловчи Ўзингсан, Аллоҳ.

 

Ҳар кимнинг муродин англаган сенсан,

Девонанинг ишин ўнглаган сенсан.

Мазлумларнинг оҳин тинглаган сенсан,

Ожизни йўқловчи Ўзингсан, Аллоҳ.

 

Роҳат-фароғатдан дам урганда нафс,

Танглик, талафотдан дам урганда нафс,

Очлигу кулфатдан дам урганда нафс,

Кўнгилни тўқловчи Ўзингсан, Аллоҳ.

 

Қаҳринг адолатдир, меҳринг адолат,

Ўзинг ҳидоят қил – қилгил ҳимоят.

Ҳақ сўз бер ва шунга яраша тоқат,

Ҳақ сўзни ёқловчи Ўзингсан, Аллоҳ.

 

ОНАМ

Мендан олисларда, мендан узоқда,

Тонглардан йироқда, кундан йироқда.

Ўғлисиз ҳувиллаб қолган қишлоқда

Йўлимга интизор онам бор менинг.

 

Дарё кўнгли недан яралган экан,

Бунчалар теран у, бунчалар улкан.

Хафа бўлишниям эплолмайдиган

Содда ва беозор онам бор менинг.

 

Қанийди, шу бахтга ета олсайдим,

Шу катта синовдан ўта олсайдим –

Онам кўнглини шод эта олсайдим,

Ўғлидан умидвор онам бор менинг.

 

Балки тушларида мени кўргандир,

Келар деб нонга сут излаб юргандир,

Йўл бошида илҳақ кутиб тургандир...

Йўлимга интизор онам бор менинг.


 

 

Муҳаммад АҲМЕДОВ

 

ҲЕЧ КИМ

Бировнинг тўрига илинар, лекин

Бировнинг гўрига кирмайди ҳеч ким.

Ошино бўлару ағёрлар секин,

Фош бўлар сирларинг билмайди ҳеч ким.

Ғийбату туҳматдан ғашланса дил,

Асоссиз гаплардан сўлмайди ҳеч ким.

Сўзи ҳам, йўли ҳам ҳақ бўлса агар,

Бағрини бекорга тилмайди ҳеч ким.

Чор атрофга қанча довруқ солмасин,

Нопокни назарга илмайди ҳеч ким.

Ҳар қанча уринса турли йўлларда,

Меҳнатсиз бадавлат бўлмайди ҳеч ким.

Тинчлигу соғликни бахт дер Муҳаммад,

Уни Ҳақ йўлидан буролмайди ҳеч ким.

 

ОҚИЛА БЎЛСА АЁЛ

Турмуш бўлса бир карвон,

Эркакдир унга сарбон.

Карвоннинг йўли равон,

Оқила бўлса аёл.

Хонадон фариштаси,

Саронжом-сариштаси.

Сабрдан жон риштаси,

Оқила бўлса аёл.

Оила бир чамандир,

Ватан ичра ватандир,

Ҳаловатга маскандир,

Оқила бўлса аёл.

Эр шаънининг қалқони,

Фарзанд бахтин қўрғони,

Аҳилликнинг посбони,

Оқила бўлса аёл.

Меҳри қуёшларга тенг,

У бор – дунё ёруғ, кенг,

Саодат менга ёр, денг,

Оқила бўлса аёл.

Солиҳа бўлса аёл.

 

КАМТАРЛИК ҚАНДАЙ ЯХШИ

Шону шуҳрат керакмас, мақтовлардан қочаман,

Мени тушунсанг, дўстим, юрагимни очаман.

Камтар бўлсанг, бошингдан бор меҳримни сочаман,

Фақат камтар бўлгин-ей, камтарлик қандай яхши,

Кибру ҳаво керакмас, оддийлик инсон нақши.

Кўп сўзлама, оз сўзла, ёлғонни қўй, рост сўзла,

Қайдаки манманлик бор, ўшал жойида “тузла”,

Мақтанчоқлик ярашмас сен оддийликни кўзла,

Фақат камтар бўлгин-ей камтарлик қандай яхши,

Кибру ҳаво керакмас, оддийлик инсон нақши.

Инсон фақат меҳнат-ла зебу зийнатли бўлгай,

У тақдиридан минг рози, қалби қувончга тўлгай,

Ҳаётнинг мазмунини илму одобда билгай,

Муҳаммад, камтар бўлгин, камтарлик қандай яхши,

Кибру ҳаво керакмас, оддийлик инсон нақши.

Ғиждувон тумани


 

 

Мунисахон ҲАМИДОВА

НАСИҲАТ

Эй кўнгил, дунёда не мушкулот бордир сенга,

Бир Худога такя айла, сабр даркордир сенга.

Таъналар этса бу ҳолингга агар ошноларинг,

Қилма парво, иншааллоҳ, Ҳақ ўзи ёрдир сенга.

Ҳар дамига минг шукр қилмоқ керак, сен бандасан,

Ҳожатинг қилгай раво, Аллоҳ нажоткордир сенга.

Ҳар балога собир ўл, ҳар қазога бўл ризо,

Дилни бер Раббингга сен, Ўзи мададкордир сенга.

Соғлиғинг бир давлат эрса, тинчлигинг бир давлатинг,

Бас, недан сен норизо, не муддао бордир санга?

Дил ўйин этгил ёруғ Ҳақ ёди бирлан доимо,

Ойнинг ўн беши мунаввар – нур-зиё бордир сенга.

Китоб тумани