Сайёра АВАЗОВА

 

ДИЛБАНДИНГДАН ВОЗ КЕЧМА, АЁЛ!

Меҳрибонлик уйи деразасидан

Бир қизча кўчага илҳақ кўз тутар.

Мўлтирар, бинонинг дарвозасидан

Онасининг кириб келишин кутар.

 

Такрорланар бу ҳол ҳар кун бехато,

Тарбиячи опа силар бошини.

Қизчага юраги эзилиб, ҳатто

Бекитиб артади кўздан ёшини.

 

Эй она! Қайдасан? Қаерлардасан?!

Қайлардан саодат топдинг зиёда?

Дилбандинг дилини минг пора айлаб

Қандай тинч яшайсан ахир дунёда?!

 

Бегуноҳ гўдакни бағрингдан юлиб,

Виждонинг ухлатиб, ҳузур топдингми?

Ёки эл юрмасин устимдан кулиб

Деб ногоҳ йўл қўйган айбинг ёпдингми?

 

Ахир бу энг азиз, энг олий тортиқ –

Фарзанд билан уйинг ва бағринг тўлса.

Билсанг, хато йўқдир бундан ҳам ортиқ,

Сен тириг-у, боланг зор етим бўлса.

 

Хатони ўнглашга ҳали бор имкон,

Кетган йўлингдан қайт, ортга бур изинг.

Йиллардир сени зор, кўзлари гирён

Дераза олдида кутади қизинг!..

Музработ тумани

 

Ситора ШАМСИДДИНОВА

СЎРА

Қолмаса гар дилдошинг,

Хавотир бўлса ошинг,

Саждага бериб бошинг,

Раҳмондан имон сўра!

 

Мансаб минса елкангга,

Қўлинг кўрса тўрт танга.

Аллоҳ берар экканга,

Ғаффордан виждон сўра!

 

Кетса агар ҳаловат,

Қаддинг эгса хиёнат.

Тандан кетганда тоқат,

Сабрдан уммон сўра!

 

Ўйнатса гар бу ҳаёт,

Қолмаса бир йўл, нажот,

Тавалло қилиб, хайҳот,

Қаҳҳордан имкон сўра!

 

Умринг топмай ниҳоя,

Вақтинг кетмасдан зое,

“Ла илаҳа иллаллоҳ”

Демоққа бир он сўра.

 

ТЎҒРИ ЙЎЛГА БОШЛА

Тилимда дуою дилимда оҳим,

Ўзингга аёндир савоб, гуноҳим.

Тақдир ёзуғидан ёлғиз гувоҳим,

Мени тўғри йўлга бошла, ё Аллоҳ...

 

Ёш дедим ўзимни, хатолар қилдим,

Омонат дилларни кўп бора тилдим.

Бу дунё алдамчи эканин билдим,

Мени тўғри йўлга бошла, ё Аллоҳ...

 

Имон йўлларида оройиш топай,

Сабр саҳросида шодумон чопай,

Умрим китобини бахтиёр ёпай,

Мени тўғри йўлга бошла, ё Аллоҳ...

 

ТУНДАН ТОНГГАЧА

Кўк ёпинчиқ киймоқда дунё,

Тугмалари – ёш юлдузчалар.

Сукунатни бузиб, шошқалоқ

Соат тунги созини чалар.

 

Зуҳро юлдуз беланди нозли,

Оймомонинг беланчагига.

Юлдузчалар учади гоҳи

Сокин туннинг ҳалинчагида.

 

Ким ҳадикда тонгни кутяпти,

Яна кимдир кўраётир туш.

Ваҳм солиб афғон этяпти

Симчўпларда безовта бойқуш.

 

Инграяпти хаста қизалоқ,

Митти вужуд бўлмоқда беҳол.

Неварасин дардини сўраб,

Кўкка боқиб ўтирибди чол.

 

Суюнчидан келтирмиш хабар

Эрка ел ҳам шивирлаб аста.

Дунё юзин кўрди мурғак жон,

Тонг ҳам яқин келар бирпасда.

 

Шодон кезар сабуҳий эпкин,

Гўё шамснинг ғўр парвонаси.

Қай бир жойда айтилди азон,

У мунаввар тонг шукронаси...

 

ИЛТИЖО

Яшамоқ – умрлик кураш, дедилар,

Тур, ахир, биз билан кураш, дедилар.

Чарчадим, ғурбатлар мени енгдилар,

Ғаним бўйи етмас қад бер, Худойим!

 

Нафснинг ўйинидан асра мени ҳам,

Асло инжитмасин юлғич – ғам-алам.

Сўнгги лаҳзагача бўлайин одам,

Ердан узилмайин, ҳад бер, Худойим!

 

Отам кўксида жо қуёш бўлай ман,

Онам орзу қилган дилдош бўлай ман.

Ҳаққини савобим билан тўлай ман,

Собит-у барқарор аҳд бер, Худойим!

 

Зулматни ёритай, армон аритай,

Ҳасадни, риёни буткул қаритай,

Музлаган дилларни шеър-ла эритай,

Ҳақ йўлида тиргак шаҳд бер, Худойим!

 

Бердиёр ТОШТЕМИРОВ

НАБИРАЛАРИМГА

Бобонгизман сафарчи, дилкаш,

Олам узра ризқи сочилган.

Қайга бормай кўнглимда йўқ ғаш,

Йўлларимга йўллар очилган.

 

Туркияда, Кавказда бўлдим,

Россияда юрдим иш излаб.

Гоҳ пул топдим, гоҳ бўлдим асир,

Гоҳ оч қолдим кўчада музлаб.

 

Унутмадим аммо сизларни,

Ғузорим, жон Ўзбекистоним.

Тунлар зикр қилдим Субҳонни,

Ибодатсиз ўтмади оним.

 

Бобонгизман мусофир мудом,

Ўқимаган уста мардикор.

Сизлар пухта ўқингиз юртда,

Сизга барча имконлар тайёр.

 

Узоқдаги буғдой, гарчи зар,

Ота юртнинг сомони яхши.

Қишлоқлар ҳам бўлмоқда шаҳар –

Набирамнинг замони яхши.

 

Саргардоннинг сабоғи сонсиз,

Сен омон бўл, жонажон диёр.

Олислардан йўллайди дуо

Эллик беш ёш сайёҳ Бердиёр.

 

ТЎРТЛИКЛАР

* * *

Тик боқиш мушкул иш дўстинг юзига,

Чидаш осон эмас аччиқ сўзига.

Дўст дилдан койийди, беради танбеҳ,

Сен ҳам яхшилик қил пинҳон ўзига.

* * *

Гарчи бўлсам ҳамки, билимсиз, оми,

Доим дилимдадир ал-Азиз номи.

Нафсини англаган Тангрини танир,

Дилга сурур бергай имон илҳоми.

Ғузор тумани

 

Абдуғани ТУРДИБЕКОВ,

ИМОНГА ЭРГАШ

Бу дунё ўткинчи, умринг совурма,

Кейин аттанг қилиб, оҳ уриб юрма.

Аллоҳ юрагингга солганда оташ,

Дўстим, ғофил бўлма, имонга эргаш.

 

Умринг охир бўлиб, келмасдан ажал,

Беш вақт намозингни ўқигин тугал.

Энг олдин ўзни енг, нафс билан кураш,

Дўстим, кўзингни оч, имонга эргаш.

 

Дунё молинг бўлса ё қашшоқ қолсанг,

Барига сабр қил, сабр – эм, билсанг.

Гоҳи дунё тору кўнгил бўлса ғаш,

Дўстим, тойилмагин, имонга эргаш.

Бекобод шаҳри