РОЗИ ЭДИМ

Товонингиз ўпиб олган гул бўлсам ҳам рози эдим

Йўлингизда ёниб, майли, кул бўлсам ҳам рози эдим.

Менга насиб этмади-я, сафдошингиз Али бўлмоқ,

Хизматингиз қилиб бутун умрим ўтса рози эдим.

 

Гарчи Зам зам суви янглиғ босолмасдим чанқоғингиз,

Гарчи нубувват уйидек ололмасдим чарчоғингиз,

Минг-минг шукр, севолдим мен Ислом – азиз байроғингиз,

Хизматингиз қилиб бутун умрим ўтса рози эдим.

 

Сизни қўмсаб йиғлар бутун Арабистон саҳролари,

Сиздек ҳеч ким кийган эмас энг кўп савоб сарполарин.

Сиз кўрган дард, ранж олдида бир пул бошим савдолари,

Хизматингиз қилиб бутун умрим ўтса рози эдим.

 

Тилнинг нима фойдаси бор гар айтмасам мен салавот,

Қуръон тиловат қилмасам, умрим ўтар беҳаловат.

Сизга уммат бўлмоқ ўзи бир бахт эрур, бир саодат,

Хизматингиз қилиб бутун умрим ўтса рози эдим.

 

На султону на саҳоба, на амалдор, на ансорман,

Лекин мен ҳам эл қатори Аллоҳ ризосига зорман.

Бу дунёда тўғри йўлдан кетмас бўлсам аниқ хорман,

Хизматингиз қилиб бутун умрим ўтса рози эдим.

 

Гоҳ-гоҳида малҳам излаб тополмасдан кўнгил яра,

Аслида-ку, ибодатлар энг хайрли малҳам – сара.

Бўлсайдим мен ўн биринчи ашараи мубашшара,

Хизматингиз қилиб бутун умрим ўтса рози эдим.

 

Абдураҳмон МЕШАЯН,

Зангиота тумани


 

БАНДАМАН

Ўн саккиз минг олам аро,

Сен Раббано, мен бандаман.

Надоматдан қалбим яро,

Афсусдаман, армондаман.

 

Йигитман, деб бахти кулган,

Таралло деб айшни сурган.

Бу дунёни ўйин билган,

Бир эркатой, арзандаман.

 

Насибамни қайга сочсанг,

Изнинг ила мен андаман.

Қилиб кимларга ёвқараш,

Бу дунёда меҳмондаман.

 

Ўсдим илм ўрганмайин,

Ҳатто ҳунарим йўқ тайин,

Йўл йўқотган жайрондайин

Бир қоронғу ўрмондаман.

 

Фаровон қил ризқу рўзим,

Карамингга зорман-да ман.

Меҳрибон Зот, кечир Ўзинг,

Раҳм этмасанг, шармандаман.

 

Мурод ХОН,

Тошкент шаҳри


 

Шермурод ДЎНГБОЕВ

МЕҲРИБОН

Аллоҳ меҳрибондир Бани Одамга,

Зулмни раво кўрмас бори оламга.

Бандаси масъул ҳар босган қадамга,

Ҳамду сано ёлғиз Парвардигорга.

 

Фазлу карамининг асло чеки йўқ,

У истаса бордир, бўлса неки йўқ,

Раҳмати камаймас, Унинг тенги йўқ,

Ҳамду сано ёлғиз Парвардигорга.

 

Инсонга берди У ноз-неъматлар,

Еру осмон бизга қилар хизматлар,

Ҳар қадам, ҳар дамда ажиб ҳикматлар,

Ҳамду сано ёлғиз Парвардигорга.

 

Ҳар тонг қуёш кулиб очади чирой,

Кечаларнинг кўрки кўқда тўлин ой,

Алишер, бу замин саховатга бой,

Ҳамду сано ёлғиз Парвардигорга.

 

ЁЛҒОНДАН САҚЛАН

Луқмони ҳаким, донишманд олим

Ҳидоят йўлида маёқдай қолди,

Ўғлига бундайин қилди насиҳат,

Мусаффо қалбига аста қўл солди:

 

“Болажоним, кўзим оқу қораси,

Икки жаҳон аро дилим пораси,

Насиҳатларимдир сўзлар сараси,

Айтар ҳар сўзимни ёдингда тутгил.

 

Кўнгилда кир бўлса, динингни бузар,

Қалбинг ҳалок бўлар, жисминг ҳам тўзар,

Ёмонлиги билан ҳар ишда ўзар,

Ёлғону гумонни ўзингдан отгил.

 

Ёлғонлар шаънингни қаро ер қилар,

Миш-мишдан юзларинг сомондай сўлар,

Ёлғончига дўзах азоби бўлар,

Ёлғон тузоғин буз, тўрини йиртгил.

 

Яхшилар ёнингдан тезда қочарлар,

Ёмонлар шум фасод тухмин сочарлар,

Доимо ғийбатга эшик очарлар,

Сен чинакам олим этагин тутгил”.

 

ОЧГИЛ

Бошингга тушса гар фақирлик дами,

Қаддингни дол этса дарду алами,

Бағрингни қийнаса мискинлик ғами,

Қалбингни Яратган Аллоҳга очгил.

 

Муҳтожлик балоси узоқ кетмаса,

Ўзгалар сенга ҳеч ёрдам этмаса,

Қавму қариндошдан мадад етмаса,

Қалбингни Яратган Аллоҳга очгил.

 

Вужудинг совуқда музласа, тўнса,

Юрагинг қайғую аламга кўнса,

Орзуйинг армонга, аламга дўнса,

Қалбингни Яратган Аллоҳга очгил.

 

Ҳожатларинг Ундан зор йиғлаб сўргил,

Чин тавбанинг сирли мевасин кўргил.

Алишер, раҳматдан умидвор бўлиб,

Қалбингни Яратган Аллоҳга очгил.

 

Чилонзор тумани


 

Шуҳратилло САЛАМУЛЛАЕВ

ОНАЖОНИМ

Кун ўтар, қайтадан ярамни тилиб,

Йўқлигингиз менга кўпроқ билиниб,

Юрагим қоқ икки бўлак бўлиниб,

Онажоним, сизни жуда соғиндим.

 

Борингизда асло, қадрингиз билмай,

Юрибсиз-да дея, назарга илмай.

Энди азобдаман, айтинг, не қилай,

Онажоним, сизни жуда соғиндим.

 

Нурли чеҳрангизни эслайман ҳар кун,

Нигохингиз ёдда – мунис ва маҳзун.

Хаёлим чилпарчин, бўлмайди бутун,

Онажоним, сизни жуда соғиндим.

 

Жойингиз бўлсин деб гўзал жаннатда,

Туну кун дуода бўлгум албатта,

Ёдингиз йўлдошдир энди ҳаётда,

Онажоним, сизни жуда соғиндим.

 

Тошкент шаҳри