Олқор ДАМИН

ФАХРИЙлар

Сиз чиндан заҳматкаш бахтлилар,

Ваъдага вафоли, аҳдлилар,

Ҳурмату иззатда тахтлилар –

Фахрийлар,

фахрийлар,

фахрийлар!

 

Сиз меҳри дарёлар, сахийлар,

Сиз билан гуллайди водийлар,

Пир дейди сизни не доҳийлар –

Фахрийлар,

фахрийлар,

фахрийлар!

 

Ёшларга ўрнаксиз, қатъийлар,

Ҳурмату иззатда тахтлилар,

Олқор сиз мардларни мадҳ айлар,

Фахрийлар,

фахрийлар,

фахрийлар!

 

Зиёда ЖУНАЙДУЛЛАЕВА

НАЖОТ

Мушкуллар қийнаса жонимни,

Оғриқлар ўртаса танимни,

Ёлғонлар синаса кўнглимни,

Аллоҳдан сўрайман нажотлар.

 

Сиртимга чиқармай ғамларим,

Ҳеч кимга билдирмай камларим,

Кўмиб юрагимга аламларим,

Аллоҳдан сўрайман нажотлар.

 

Сирларим айтишга бир сирдош,

Излаб тополмасам ёр, дилдош.

Машаққат, роҳатда у йўлдош –

Аллоҳдан сўрайман нажотлар.

Тошкент

 

Абдураҳмон МАҚСУДОВ

ТОТЛИ НАМОЗ

Таваккул айласанг сажда чоғида,

Покиза ҳисларга чулғанса қалбинг.

Бўлиб қолгандайсан Ҳақ даргоҳида,

Ҳатто сезилмайди сингиб кетганинг.

 

Дилингга югурар ширин туйғулар,

Кўнглинг ҳаловатга чўмади чуқур.

Шундай бир илиқлик вужудинг чулғар,

Қани, такрорланса бу тотли сурур.

 

Сенга салавотлар бўлсин, Аллоҳим,

Бандам деб қаторга турғаздинг қоим.

Нурингга чўмилсин шу саждагоҳим,

Минг шукр, меҳрибон, меҳмоннавозим.

Фарғона

 

Яхшимурод ДАВРОН

Тўртликлар

* * *

Юракни ларзага солган ширин сўз

Гўё минг сатрли мумтоз ғазалдир.

Миннатсиз бир бурда қотиб қолган нон

Миннатли қазили ошдан афзалдир.

 

* * *

Ёлғизлик бемаҳал келган ажалдир,

Оғир дардлардан ҳам удир бедаво.

У гўё дўзахдир, мен ёлғизликни

Ҳатто душманимга кўрмайман раво.

Пастдарғом

 

Абдуғани АБДУМАЖИД

КЕКСАЛАР ДИЛИГА БЕРМАНГИЗ ОЗОР

Қариликда бўлмас ўзда ихтиёр,

Бир кун соғ бўлсалар, бир куни бемор,

Уларга раҳм ва шафқатлар даркор,

Кексалар дилига бермангиз озор!

 

Бир вақт фарзандим деб қилган жон фидо,

Бир парча этдан сиз бўлгунча пайдо,

Бугун-чи қадди дол, қўлида асо,

Кексалар дилига бермангиз озор!

 

Аллоҳ умр берса, бўлса толе ёр,

Бир кун қариликка етмоғингиз бор,

Бўлмасин десангиз бу аҳвол такрор,

Кексалар дилига бермангиз озор!

 

Яна қанча яшар – билгайдир Аллоҳ,

Қайтиб келмагайдир чексангиз минг оҳ,

Оғир сўз айтмангиз ҳатто гоҳи-гоҳ,

Кексалар дилига бермангиз озор!

 

Ўтгач, маъракаю “йил”лар қилгунча,

Бугун бир эътибор айлангиз пича,

Дунё ташвишларин қўйинг бир кунча,

Кексалар дилига бермангиз озор!

 

Маъракаю обрў ўзингиз учун,

Уларга эътибор керакдир бугун,

Виждонни пок сақлаб яшамоқ учун

Кексалар дилига бермангиз озор!

Андижон

 

Муҳаммад ЖАЛОЛЗОДА

РАББИМ АЛЛОҲ, ДЕЙМАН

Бошимга иш тушиб қийналган замон,

Ё ишим юришиб, омад кулган он

Ҳар доим бир сўзни айтмоғим аён:

Раббим Аллоҳ, дейман, ё раббим Аллоҳ.

 

Йилда ҳам, ойда ҳам, ҳафтада, кунда,

Субҳидам, чошгоҳда, кундузда, тунда,

Номинг имонимга қувват ҳар дамда,

Раббим Аллоҳ, дейман, ё раббим Аллоҳ.

 

Турмуш ташвишидан ҳориганимда,

Белдан қувват кетиб, қариганимда,

Сўнгги бор бир сўзга яраганимда

Раббим Аллоҳ, дейман, ё раббим Аллоҳ.

 

Ниҳоят бир куни юмилар кўзим,

Бу ёруғ дунёдан узилар изим.

Имон-ишончимдан дарак шу сўзим:

Раббим Аллоҳ, дейман, ё раббим Аллоҳ.

Шаҳрихон

 

Абдурашид ЭГАМБЕРДИЕВ

ЙИҒЛАГИН

Бандадан чексанг озор,

Бахту толе келса тор,

Суйганинг бўлмаса ёр,

Сен Худо деб йиғлагин.

 

Мисли оҳу чопсанг ҳам,

Дарё бўлиб тошсанг ҳам,

Бемор бўлиб ётсанг ҳам,

Сен Худо деб йиғлагин.

 

Келиб-кетар мол-дунё,

Амал-мансаб бол гўё,

Бари ўтади, илло,

Сен Худо деб йиғлагин.

Наманган шаҳри

 

Ўктам ЙЎЛДОШ

ТЎРТЛИКЛАР

* * *

Мурувватталабга қил мурувватинг,

Ҳурмат кўрсатганга бўлсин ҳурматинг.

Ҳимматда Хотамга етмасанг етма,

Кимсага бўлмасин зарра миннатинг.

 

* * *

Дўстдан жудо этган сана ёмондир,

Яхшини унутмоқ яна ёмондир.

Бировга озгина наф етказиб, сўнг

Охири қилинган таъна ёмондир.

 

* * *

Оқил ўз ютуғин кўпники санар,

Бахил кўриб эса ҳасадда ёнар.

Худбин, шуҳратпараст бўлса ким бир кун

Боши тошга тегиб, сўнг бурни қонар.

Асака тумани