Сирожиддин ИБРОҲИМ

ОШИҚМАН...

Тушларимда от кўрдим,

Сувлиғини чайнаган.

Бахтим билан ўйнаган

Йўлларни енгиб юрдим.

 

Тоғлар бошин оқ қилган

Қорлар ёғди дилимга.

Сизни соғиниб сўлган

Гуллар чиқди йўлимга.

 

Энди қўйинг, йиғламанг,

Юрак айтди алвидо.

Сиз мени тарк этган чоғ

Ёрим бўлди бир Худо.

 

Мен кетаман, юрагим

Ҳақ сориға ошиққан.

Мени излайверманг сиз

Кўнгил айтган қўшиқдан.

 

Тушларимда от кўрдим,

Ҳақ сориға ошиққан.

Худойимнинг васлига

Зор-интизор ошиқман.

 

 

Абдусалом ИБРОҲИМОВ

* * *

Тадорик айлагил, эй дўст, умр чоки сўкилмасдан,

Ҳаёт маъносига етгил кўзинг тупроққа тўлмасдан.

 

Жаҳонга келмагу кетмак одамзодга эрур эрмак,

Бу қисмат ҳеч қаро бўлмас яшаб ўтсанг қоқилмасдан.

 

Хазон янглиғ тўкилгайсан қаро ер бағрига бир кун,

Савоб ишлар қилиб қолгил қариб, қаддинг букилмасдан.

 

Манманлигу такаббурлик Худодан бехабарликдир,

Киборликдан ҳазар қилгил азиз бошинг эгилмасдан.

 

Отанг бирла онангни шод этар бўлсанг, мусулмонсан,

Мусулмон бўлмагай ҳеч ким аларни рози қилмасдан.

 

Қиёмат чоғида ҳолинг забун эрса ажаб йўқдур,

Киши ҳаққин еган бўлсанг билибми ёки билмасдан.

 

Шифо бермакка ҳаттоки табиб Луқмон эрур ожиз,

Касал қалбингга ғойибдин асл малҳам қўйилмасдан.

 

Сен, эй Абдусалом, кўнгил уйин покиза тут ҳар дам,

Бошингга бахт қуши қўнмас кўнгил озода бўлмасдан.

 

* * *

Мушкулот келса баногоҳ тарки исёндур сабр,

Ким мусулмон бўлса гар, ул зотга осондур сабр.

 

Борига қилмай қаноат, нафсиға ким куч берур,

Ўрниға шайтон келувчи лаҳза меҳмондур сабр.

 

Бесабрлик келтурур одамга кўп қайғу-алам,

Эътиқодли банданинг илгида имкондур сабр.

 

Ойнинг ўн беши қоронғи, ўн беши ёруғ экан,

Кун ёруғ келмоқ учун зулматда сарбондур сабр.

 

Хору зор бўлғай одамзод бўлмаса сабру чидам,

Роҳату бахту саодат, боғу бўстондур сабр.

 

Кимса борким тун ва кун кулфат топар ўз нафсидан,

Макри шайтондан йироқ қилгувчи қалқондур сабр.

 

Бесабр одамга улфат бўлма, эй Абдусалом,

Ки, Худонинг бандасин кўксида имондур сабр.

Тошкент

 

 

Абдусамад Раҳимов

Туюқлар

* * *

Бўлса рағбат гар ҳасад этмакка сал,

Хоҳламишсанким, танинг этмак касал.

Сўрасалар айт тансиҳатлик манбасин:

Ҳусни хулқлик ва тилни этмак асал!

* * *

Оқил гуноҳ ботқоғидан кечмагай,

Лек бандамиз, нелар бошдан кечмагай,

Энг оғир айб хиёнатдир Ватанга,

Ҳақ ҳам, халқ ҳам гуноҳингдан кечмагай!

* * *

Энг яқин дўстинг онанг – ойинг эрур,

Шуъла сочгайдир, кунинг, ойинг эрур.

Бил, онанг бўлса ҳаётинг нурлидир,

Бахтиёр кечган кунинг ойинг эрур!

* * *

Илтимосинг қилсанг очиқ юз талаб,

Берилгайдир бир ўрнига юзталаб.

Керилганда рад бўлгайдир жавоб ҳам,

Дўқ қилса-да юзта оғиз, юзта лаб.

 

Хушнуд ғазалига мухаммас

Беҳуда исрофдир хирмонга офат,

Ки, бир чўп исрофи ўрмонга офат,

Асоссиз орзу вақт, имконга офат,

Ёмоннинг фитнаси инсонга офат,

Етар андин ўтиб, давронга офат.

 

Кибр бу – ўзгани хор, ҳақир билмоқ,

Дўзахдан ўзингга жой тайин қилмоқ.

Жунундан даракдир беҳуда кулмоқ,

Ақлнинг хислати – хушфеъл бўлмоқ,

Ёмонлик шиддати ҳар онга офат.

 

Бировлар молига кўзларинг тикмай,

Мусибатда сабр эт, ғам-андуҳ чекмай,

Омад келса, ўздан кетиб, энтикмай,

Тавозе пеша қил, қаддингни букмай,

Такаббур аҳлидир эҳсонга офат.

 

Азизсан, мукаррам инсон элисан,

Кимнингдир севгани, жони дилисан,

Агарчи шоҳдирсан, қисмат қулисан,

Гўзалсан ёки бир гулшан гулисан,

Хазон фасли гулу райҳонга офат.

 

Бақирмоқ заифлик, сукут кучингдир,

Оғиз – зиндон, очкўз тишлар учундир,

“Қовоқ кўз қалқони” ҳикмати чиндир,

Тилинг бирдир, қулоқ икки – нечундир?

Эшит, кўп сўзламоқ дармонга офат.

 

Агарчи меҳнатда ранждир, малолдир,

Ҳосили роҳатдир, фазлу камолдир.

Лоқайдлик, лоҳаслик зиллат, заволдир,

Амалнинг яхшиси касби ҳалолдир,

Бекорнинг қурбати ош-нонга офат.

 

Тириксан, тўхтама солиҳ амалдан,

Қочиб бўлмас муҳлат етса ажалдан,

Ғофил, суст, нотамом ўтар азалдан,

Очилгай мақсадинг жаҳду жадалдан,

“Магар”, “афсус” лаби хандонга офат.

 

Ҳожатинг бахилга айтма, азизим,

Номард кўпригидан ўтма, азизим,

Ўзингни бунча хор тутма, азизим,

Ёмондан яхшилик кутма, азизим,

Келур улфатчилик қилганга офат.

 

Гўзал эмас фақат Ширин ва Лайло,

Гўзал хулқ қилгайдир мафтун ва шайдо,

Ширин тил эркакка ҳусни ҳувайдо,

Ғазабдан бўлгуси ҳар зулм пайдо,

Тиғи гар қадалса, бил, жонга офат.

 

Самад, боқ мунофиқ кори, феълига,

Ғазаб гина-кудурат тўлмиш дилига,

Дили оғу, шакар сурмиш тилига,

Жаҳонда етмасин, Хушнуд элига,

Очилган гул юзи бўстонга офат.

Учкўприк