Эркин Воҳидов,

Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири

 

Наврўз нашидаси

Юртим!

Илҳомимга сарчашма ўзинг,

Бирдек азиз менга ёзинг ҳам кузинг.

Букун баҳорингга шеър айтмоқчиман,

Ватаним, муборак бўлсин наврўзинг.

 

Яна олам бўлди яшил, серфусун,

Яна қизғалдоқлар очилди гулгун.

Бу йилги кўкламинг ўзгача бутун,

Ватаним, муборак бўлсин наврўзинг.

 

Қаттиқ қишдан чиқдинг зах тортиб, ҳориб,

Ердан чиққан каби бойчечак ёриб.

Бағрингдан муз кетди ҳамалга бориб,

Ватаним, муборак бўлсин наврўзинг.

 

Қир яшил, боғ яшил, бўстондир яшил,

Баҳорий либосда жаҳондир яшил,

Эрк яшил, истиқлол, имондир яшил,

Ватаним, муборак бўлсин наврўзинг.

 

Бошингда ҳуррият қуёшинг бордир,

Ўз Туғро, Байроғинг, Юртбошинг бордир.

Мақсадинг, ғайратинг, бардошинг бордир,

Ватаним, муборак бўлсин наврўзинг.

 

Ёш чинорсан, ўзни тутиб оларсан,

“Илик узилди”дан ўтиб оларсан.

Юзлаб баҳорларни кутиб оларсан,

Ватаним, муборак бўлсин наврўзинг.

 

Бугун далаларга қадалган уруғ

Иншоаллоҳ, ризқу баракот тўлуғ,

Эй умид ўлкаси, эртаси улуғ –

Ватаним, муборак бўлсин наврўзинг.

 

Мирза ҚАЙНАРОВ

 

* * *

Инсон йўлин ёритмак эрур илму ҳикматдан ғараз,

Инсонга мадад, кўмак эрур илму ҳикматдан ғараз.

Равзаи ризвон эмас обиднинг чин мақсади,

Аллоҳ ризолиги эрур тоат-ибодатдан ғараз.

Меҳнату машаққатсиз одамга толе йўқ экан,

Бахт ила саодат эрур ғайрату меҳнатдан ғараз.

Холиқо, васлинг кўришни истагай ҳар муслимин,

Аллоҳ жамоли оқибат ҳижрону фурқатдан ғараз.

Кўп шоҳ асарларни яратмишдир улуғ алломалар,

Дилларга зиё бермак фан ва санъатдан ғараз.

Ейиш учун яшама, дўст, яшаш учун е, дейдилар,

Мирзо, ибодатдир, дегил, таом-овқатдан ғараз.

* * *

Эй инсон, билгил, ҳидоятда – сиротал мустақим.

Карамда, хайру саховатда – сиротал мустақим.

Кўнгиллар доим мунаввардир Каломуллоҳдан,

Гўзал Қуръон, латиф оятда – сиротал мустақим.

Жавонмардлар куйдирар жон Ватани, халқи учун,

Дейдиларким, ҳалол меҳнатда – сиротал мустақим.

Мадад бер аҳли ночорга, бер инсоф аҳли бозорга,

Меҳр-оқибат, мурувватда – сиротал мустақим.

Шариатда, маърифатда топилур ҳар бир ечим,

Дўст аҳлига садоқатда – сиротал мустақим.

Бани одам, умрингни ўтказма вовайло билан,

Шукрда, сабру қаноатда – сиротал мустақим.

Сен, эй Мирзо, бўл ҳалим, иста ишқ, иста илм,

Муҳаббат, бахту саодатда – сиротал мустақим.

Сардоба

 

Хурсанд УСМОНОВ

Ўгит

Субҳидам – саҳар чоқдан шукрона одат айланг,

Дуолар мустажобин дилга далолат айланг.

Белни боғлаб чоғланинг эзгу, савоб ишларга,

Мудом кори хайрга азму шижоат айланг.

“Бу дунё бир кам” дея таскинда туриб қолманг,

Шукр айтиб тўкисликка, камга қаноат айланг.

Асло дилозор бўлманг, оқиллар бундоқ қилмас,

Кўнгил олиб тил билан, меҳр-саховат айланг.

 

Чорламоқчи бўлсангиз адашганни ҳақ йўлга,

Ибрат кўрсатиб аввал, сўнгра мурожаат айланг.

Соғинманг ёмонлик ҳеч ҳаттоки ағёрга ҳам,

Бори бад-қусурларни ботиндан ғорат айланг.

Учқўрғон

 

Мунаввар ХОЛМУРОДОВА

Дуо қилинг

Дунё кўзларимга тор кўринганда,

Ҳар неки умидим бор кўринганда,

Кимлардир изимга зор кўринганда,

Дуо қилинг, она, ижобат бўлсин.

 

Юзларимни ювар кўздаги ёшим,

Балки етар, балки етмас бардошим.

Ғамга эгилмасин бу ғариб бошим,

Дуо қилинг, она, ижобат бўлсин.

 

Жонсиз тирик эмас аслида жасад,

Ҳавас улуғликдир, ўлдирар ҳасад.

Ҳеч қачон меҳрга келмасин касод,

Дуо қилинг, она, ижобат бўлсин.

Пахтакор

 

Абдуваҳоб Алимов

Ҳаддида турса

Ҳаёт гўзал, кўркам, нурафшон,

Ҳамма яшар бахтиёр, шодон,

Яхшиликлар бўлар армуғон,

Ҳар киши ўз ҳаддида турса.

 

Ҳад чегара деганидир, бил,

Ҳаддан ошмас ҳеч қачон оқил,

Фақат қувонч, фойда топар эл,

Ҳар киши ўз ҳаддида турса.

 

Ҳар бир ишда меъёр, ўлчов бор,

Ҳаддан ошган тез кунда абгор,

Дилга доим хотиржамлик ёр,

Ҳар киши ўз ҳаддида турса...

 

Наманган шаҳри “Яҳёхон тўра”

жомеи имом ноиби

 

Замирахон МАМАТХЎЖАЕВА

Расулуллоҳ қолдилар

Ҳожилар тилидан

Тингланг ўтлуғ сўзларим,

Нигорондир кўзларим,

Мен келдим-у дўстларим,

Расулуллоҳ қолдилар.

 

Равзаи мутаҳҳаро,

Кезгандай беҳишт аро,

Шукр, кўрдим, Раббано,

Расулуллоҳ қолдилар.

 

Маънавият булоғи,

Мўминнинг кўз қароғи,

Икки олам чироғи

Расулуллоҳ қолдилар.

 

Аллоҳ дўсти-ҳабиби,

Руҳоният табиби,

Умматларнинг қарийби

Расулуллоҳ қолдилар.

 

Кўзимни ёшлаб келдим,

Жисмимни бошлаб келдим,

Қалбимни ташлаб келдим,

Расулуллоҳ қолдилар.

 

Ўзинг ёлғиз паноҳим,

Сенга нолаю оҳим.

Яна етказ, Илоҳим,

Расулуллоҳ қолдилар.

Ўзбекистон тумани

 

Нуриддин Яҳё

Бухорий бобом

Ҳадис ёдлаган, йиққан,

Кўнглига олам сиққан,

Ҳаммага устоз чиққан

Бухорий бобом.

 

“Саҳиҳ” бўлган китоби,

Хазинадир ҳар боби.

Мусулмонлар офтоби

Бухорий бобом.

 

Илмга уриб ўзин,

Ёдлаб Пайғамбар сўзин,

Кезди кенг дунё юзин

Бухорий бобом.

 

Чекиб не-не заҳматлар,

Топди асл ҳикматлар.

Сизга мангу раҳматлар,

Бухорий бобом.

Иштихон