Абдумажид АЗИМ

ОДАМИЙ БЎЛ

Кимлар юрар димоғлари осмонда,

Зуғум айлаб ожизу нотавонга,

Беллашувга чорласанг гар майдонга,

Шоқол каби қочар дашту ёбонга.

 

 

Кўр замоннинг ажаб-ажаб корини,

Бирда йўғи, бирда эса борини,

Нафс йўлида ким йўқотди орини,

Чекди албат қилмиши озорини.

 

Ҳеч замонда яхши ёмон бўлмагай,

Минг чиранса, зоғлар хушхон бўлмагай,

То тириксан, дилда умид сўлмагай,

Ажал етмай, ҳеч ким ногоҳ ўлмагай.

 

Ҳасад-иғво хазон этмай боғларинг,

Эзгуликка тўлдир сўлу соғларинг,

Беҳудага совуриб гул чоғларинг,

Аттанг, дея тутамасин оҳларинг.

 

Эл билан бўл, улуғдир эл дуоси,

Парво қилма ризқу рўзинг кўп-ози,

Даркор эмас сенга фано ғавғоси,

Нодонларнинг ёлғон-яшиқ савдоси.

 

Камтарликда тупроқдан ҳам бўл ками,

Кўнгли ярим, етимлар дил малҳами,

Мазлумлару ғариблар дўст, ҳамдами,

Энг муҳими, одамий бўл, одамий.

 

МАЙДОН ИЧИНДА

Кутилмаганда гоҳи омад ўгирса юз,

Ғаму ғусса келганида устма-уст,

Кўрмагандай ўтиб кетса ёнингдан дўст,

Ёлғизман деб ёнма майдон ичинда.

 

Мўминларни Ҳақ таоло сийламиш,

Нодон фано зиндонига бўйламиш,

Кўзларини нафсу риё бойламиш,

Сўқир каби сарсон замон ичинда.

 

Дунёйи дун жилваланиб савт чалар,

Кўзларингдан уйқу қочар кечалар,

Икки жаҳон овораси нечалар,

Қўним топмай еру осмон ичинда.

 

Савоб иш қил, дохил бўлгин дуога,

Нокаслар қисмати дўнди хатога,

Қарғиш олиб, ким оқ бўлди отага,

Юзқародир бу ломакон ичинда.

 

Қойим эркан ўқида чархи даввор,

Турфа рангда товланади неча бор,

Қайтса яна боғларингга гулбаҳор,

Юзларингни ювгин найсон ичинда.

 

 

Шонеъмат ШОМАҲМУДОВ

СЕНГА ИБРАТ ЭМАСМИ...

 

Сенга ибрат эмасми бу оламдан кетганлар,

Меҳнат қилиб, тер тўкиб, муродига етганлар,

Дийдалари тош бўлиб, оҳу фарёд этганлар,

Ҳар бир ишга мукофот Аллоҳдандир, Аллоҳдан.

 

Ота-она – бир давлат, айтганларини қилгин,

Норизо айласанг гар, бир кун қайтишин билгин,

Аҳли дониш зотларнинг илмин қулоққа илгин,

Ҳар бир ишга мукофот Аллоҳдандир, Аллоҳдан.

 

Кун чиқару кун ботар, бу оламда кўп ибрат,

Оқ ҳам бору қора бор, дангасаю серғайрат,

Кунинг бекор ўтмасин, ҳар дақиқа ғанимат,

Ҳар бир ишга мукофот Аллоҳдандир, Аллоҳдан.

 

Биров дилин оғритсанг, қайтади бўлиб чақмоқ,

Саховат айласанг гар, дилинг ёришар шу чоқ,

Яхши-ёмон ишлардан бир кун берарсан сўроқ,

Ҳар бир ишга мукофот Аллоҳдандир, Аллоҳдан.

 

Имонинг соғ бўлмайди, ҳаром луқмадан есанг,

Хулқингга қусур етар, ёлғон сўзларни десанг,

Бошингга бало тушгач, фойда бермагай аттанг,

Ҳар бир ишга мукофот Аллоҳдандир, Аллоҳдан.

 

Илм ҳам ҳунар ўрган, дилингда бўлсин ҳаё,

Дўстларга қил мурувват, тортмагин асло жафо,

Лафзингда тур, Шонеъмат, ишларинг бўлгай раво,

Ҳар бир ишга мукофот Аллоҳдандир, Аллоҳдан.

 

 

Солижон ХУДОЁРОВ

МЕҲРИ ҚУЁШ БЎЛ, ЎҒЛИМ

Қалб қуёши дил осмонин ёритар,

Кўздан ёшни, қалбдан ғамни аритар,

Нокас ўғил падарини қаритар,

Меҳри қуёш, бағри бўстон бўл, ўғлим.

 

Ёмон одам ёмонлигин билдирар,

Тоза дилни ғам-ғуборга тўлдирар,

Яхши фарзанд бўлмаганни бўлдирар,

Юраги пок, меҳри жаҳон бўл, ўғлим.

 

Олам нурга, гулга тўлсин юзингдан,

Гуллар унсин босган ҳар бир изингдан,

Қайтма зинҳор берган ваъда-сўзингдан,

Юрган ери боғ, гулистон бўл, ўғлим.

 

Солижоннинг орзусисан, тилаги,

Кексайганда ғурурисан, тираги,

Ватанимнинг ҳар корига кераги,

Марди майдон, номи достон бўл, ўғлим.

 

 

Нуруллоҳ ТЎХТАЕВ

ХОТИРА

Оқ яктагу саллада,

Айни саҳар паллада

Йиғлаб дуолар қилган

Саҳархез бобом қани?

Меҳрибон момом қани?

 

Юриши миллат кўрки,

Ҳаммага ибрат хулқи,

Тилларида Ҳақ шукри,

Ул шокир бобом қани?

Зокира момом қани?

 

Бугун ўзим бобо бўлдим,

Тўйлар қилиб, завққа тўлдим.

Ҳақларига дуо қилдим,

Дуогўйим – бобом қани?

Файзли уйим – момом қани?

 

Она юртим омон бўлсин,

Яхшиликлар томон бўлсин,

Ўғил-қизлар ўйнаб-кулсин,

Тўй бошида боболари,

Қиз ошида момолари,

Доим завққа тўлиб юрсин!

Фақат ўйнаб-кулиб юрсин!..

 

Орзу

Салом бермоқ билан бошлай сўзимни,

Аввало ҳар кимнинг саломи бўлсин,

Каттаю кичикка тавозе билан,

Тилларида Ҳақнинг каломи бўлсин.

 

Имон деб аталган буюк неъмат бор,

Қандай саодатдир унга эришмоқ.

Кимдаки бу неъмат бўлса, ҳеч шаксиз,

Ҳар икки дунёда унга шамчироқ.

 

Шу неъматни берсин ҳар биримизга,

Юртимизнинг бағри нурларга тўлсин!

Буюк аждодларнинг бахтли вориси –

Келажак авлодлар имонли бўлсин!