... Дўст

 

Гарчанд ҳаёт тўкин, кун кундан дуруст,

Тириклик шартидир битмас каму кўст,

Аммо кўнглимиз тинч, устимиз ҳам бут,

Тўқчилик замонда яшаяпмиз, дўст.

 

Бозорга тушсанг гар энг арзони нон,

Очдан толгани йўқ бугун бирор жон,

Бу эл дўст кунига ярар ҳар қачон,

Тўқчилик замонда яшаяпмиз, дўст.

 

Омадинг чопмаган кундан нолима,

Азали бири кам дундан[1] нолима,

Яшамоқ – олий бахт, бундан нолима,

Тўқчилик замонда яшаяпмиз, дўст.

 

Айтинг, қайси халқнинг бугун ғами йўқ,

Элимиз ичида ҳеч авоми йўқ,

Кекса, ёш ардоқда, сира ками йўқ,

Тўқчилик замонда яшаяпмиз, дўст.

 

Оқар дарёларнинг қирғоғида биз,

Жаннатмонанд макон қучоғида биз,

Шукрона айтайлик Ўзига чексиз,

Тўқчилик замонда яшаяпмиз, дўст.

 

Юртни кезиб кўргин, йўлтўсарлар йўқ,

Ниятинг пок магар, сенга зарар йўқ,

Уруш – бало, офат, ўчмас кадар йўқ,

Тўқчилик замонда яшаяпмиз, дўст.

 

Юксалиб фарзандлар онги-шуури,

Кун сайин ўсмоқда юртнинг ғурури,

Дилларда умиднинг тотли сурури,

Тўқчилик замонда яшаяпмиз, дўст.

 

Ҳаёт

 

Эҳ, йўлларинг бунча сирпанчиқ,

Кўринмайди музларинг кўзга.

Ҳаёт, шундай қилиқларинг бор,

Улар ҳатто сиғмайди сўзга.

 

Тақдир билан бир бўлиб гоҳо,

Чексиз ситам бошлаб қоласан.

Шарт юзингга айтсам қусуринг,

Балки кўзинг ёшлаб қоласан.

 

Таъна қилгим келмайди сенга,

Сен ҳам мени қилма маломат.

Майли, туҳфанг ҳижрондир менга,

Сен йиғлама, йиғлама фақат.

 

Ҳаёт, шундай қилиқларинг бор,

Улар ҳатто сиғмайди сўзга...

 

Баҳор

 

Дала-даштга таратиб ифор,

Келишинг-да ажиб, мафтункор,

Кулгинг шодон, куйинг беғубор,

Яна йўқлаб келдингми, баҳор?

 

Шаббоданг-ла юзим силайсан,

Гўё мендан кўнгил сўрайсан,

Фикратимни нурга чулғайсан,

Шундай йўқлаб тургинда, баҳор.

 

Сўзсиз бошлаб гўзал эртагинг,

Қуруқ шохни ёриб куртагинг,

Кўз ўнгимда нафис гулладинг,

Яна йўқлаб келдингми, баҳор.

 

Қўли қадоқ онагинамни,

Чаккасига гулларинг тақиб,

Йўл қараган мушфиққинамни,

Ўзинг йўқлаб келдингми, баҳор.

 

Сендан тоғу чўллар умидвор,

Кўклам кутган гуллар умидвор,

Соғинч етган диллар умидвор,

Яна йўқлаб келдингми, баҳор?

 

Камалагинг мисли тилла қош,

Кўнгилларни айлайсан сирдош,

Шаддод қиздек қилиғинг бебош,

Севги бўлиб келдингда, баҳор.

 

Оҳ, бағрингдан келар тут ҳиди,

Тупроғингдан келар сут ҳиди,

Баҳор чоғи шундай юрт ҳиди,

Меҳр бўлиб келдингми, баҳор?

 

Инсон умрин интиҳоси бор,

У сен каби келолмас такрор,

Интиқ қилма, куттирма зинҳор,

Яна йўқлаб келгинда, баҳор...

 

* * *

 

Ўргатиб бўлмайди

Бу доно халққа,

Қўлингдан келса гар

Ундан ўргангин.

Эришмоқ йўлини

Бахт-саодатга.

 

* * *

Тиши чиқиб қолган

Гўдак гоҳида

Оғритиб қўяди

Она кўксини.

Ёши ўтиб

Гўдакдек бўлганда она

Биз-чи, катталар

Билиб-билмасдан

Донолик” қилиб

Нечун оғритамиз

Яна кўксини...

 

* * *

Юрагида шоирнинг кўзи,

Бошқаларга ўхшамайди

Унинг юраги.

Шул сабаб эришдир

Баъзида сўзи,

Чунки юрагига ўхшайди

Шоирнинг ўзи.

 

* * *

Минг йиллар ошсаки донолар сатри,

Адоват қўзғатмас, зидмас одатга...

Аксинча уларнинг ортмоқда қадри,

Чунки хизмат қилур чин эътиқодга...

 

Икром НАРЗУЛЛО



[1] дунё маъносида.