Ҳасан ЗИЁ

Унутмас ВАТАН

Оппоқ кабутарлар чарх урар кўкда,

“Мотамсаро она” пойида гуллар.

Хотира майдонин айланамиз жим,

Кўзда ёш, дуога очилар қўллар.

 

Мард ўғил-қизларин унутмас Ватан,

Қатағону уруш қолса-да йироқ.

Тинчлик-тўкинликка етолмай ўтган

Аждодлар олдида қарздормиз бироқ.

 

“Ўткан кунлар”ингни битган Қодирий,

Чўлпон, Фитратларинг отилиб кетди.

Меҳроблардан чиққан чаёнлар заҳри

Зиёли ўғлонлар бошига етди.

 

Қон кечиб жанггоҳдан ўтди оталар,

Тўшаги ер бўлди, кўрпаси осмон.

Келинлар тул қолди, болалар етим,

Бағриқон онага бўлдими осон?

 

Қора нон ҳам тансиқ қора кунларда

Келинлар бор сепин тўпларга қўшди.

Мункайган кексалар, ҳатто гўдаклар

Изғирин демасдан, жўякка тушди.

 

Снаряд парчаси бир қўлин юлиб,

Бемажол, душманга ким тушди асир?

Очлик, ташналикдан бўлди қоқсуяк,

Нонтепки ғанимга бу этмас таъсир.

 

Тиканли сим аро чўзиб қўлини,

Бир тишлам илдизни оғзига солди.

Концлагер жаллоди, одамхўр малъун

Қолган бир қўлини нишонга олди.

 

Ватану элини қўмсаб туну кун,

Яқинларин ўйлаб эзилди бироқ.

Йиғлай деса кўзда ёши қолмади,

Минглаб чақиримда толмади оёқ.

 

Миллати, рангию динин сўрамай,

Неча очиқ кетган кўзларни юмди.

Номинг ўчсин уруш! – дея укасин

Она тупроқ қўшиб, Донецкда кўмди.

 

Уйга қайтиб келди ёғоч оёқда,

Битта кўзи олис Берлинда қолди.

Энди ғалабага етишган чоқда

Аскар фарзандидан қорахат олди.

 

Қуш ҳам айрилмасин полапонидан,

Бир бутоқ устида чирқиллар, йиғлар.

Уяси бузилиб, бўзлаб қолса у

Ошёним қайда деб, бағрини тиғлар.

 

Оддий бир темирчи Шоаҳмад ота

Силаб ўтди ўн тўрт етим бошини.

Баҳри ая бўлса, миллатин сўрмай,

Она меҳрин бериб, артди ёшини...

 

Саноқли бўлса-да, қаторимизда

Сиз борсиз – қўлингиз доим дуода.

Сиз туфайли тинчлик, баракаю бахт,

Умрингизни Эгам этсин зиёда...

Тошкент

 

Исматулло ҲАЛИМОВ

ЎТАР

Кўз очиб айла назар, бу давру даврон ҳам ўтар,

Қору ёмғирлар ўтар, ёзу саратон ҳам ўтар.

Доимо роҳатда бўлган бойлару хон ҳам ўтар,

Изма-из йўллар босиб оқилу нодон ҳам ўтар.

Чархи гардун бу давр, нокому комрон ҳам ўтар,

Тоғу саҳролар кезиб бир зайл карвон ҳам ўтар.

 

Билки яхшию ёмонлик орасида бир қадам,

Ота-онанг ол дуосин, бўлмагай кўзингда нам,

Ҳақ йўлини эсда тутгил кеча-кундуз дамба-дам,

Тарк этар шу дам танангни ғуссаю андуҳу ғам,

Чархи гардун бу давр, нокому комрон ҳам ўтар,

Тоғу саҳролар кезиб бир зайл карвон ҳам ўтар.

 

Ҳеч ёмонлик қилганингдан яхшиликни кўзлама,

Рост сўзлар ўрнига ёлғон сўзингни сўзлама,

Тўғри йўлни қолдириб сен эгри йўлни излама,

Умринг бекор ўтказиб, охир аламда бўзлама.

Чархи гардун бу давр, нокому комрон ҳам ўтар,

Тоғу саҳролар кезиб бир зайл карвон ҳам ўтар.

 

Сарф этарсан икки кунда молу дунёнг бўлса гар,

Ўзгаларнинг ҳақларидин, молидин қилгин ҳазар,

Бу ширин умр қадрини бил, етмасин унга зарар,

Эсда тутгил доимо сен, эзгулик бергай самар,

Чархи гардун бу давр, нокому комрон ҳам ўтар,

Тоғу саҳролар кезиб бир зайл карвон ҳам ўтар.

 

Исматулло, тут назарда кўҳна тоғлар савлатин,

Мингталаб ирмоқ сувидан катта дарё ҳайбатин,

Сен олиб ташла дилингдан гина-кудрат сарватин,

Сувга боқ, минг сачраса ҳам оқибат бўлгай қарин.

Чархи гардун бу давр, нокому комрон ҳам ўтар,

Тоғу саҳролар кезиб бир зайл карвон ҳам ўтар.

Денов

 

Абдураҳмон МАҚСУДОВ

ТУПРОҚ

Тупроқда ўзбекнинг киндик қони бор.

Ернинг ҳар қатида миллат хислати,

Сахий, мард тупроқ бу ернинг жони бор!

Тиллашган билар, ер – ўзбек қисмати!

 

Бахтдан тахт ясайди бунда ҳар бир жон,

Эл-юрт камолига айтар шараф-шон.

Бу ер – менинг фахрим, менинг Ватаним!

Бу озод, обод юрт – ҳур Ўзбекистон!

 

ПОК БЎЛГАНИ ЯХШИ

Бани одам, қадам боссанг,
                        ўз йўлинг пок бўлгани яхши,

Яхши гапга қулоқ оссанг, бил,
                        дилинг пок бўлгани яхши.

 

Илмни айла ихтиёр,
                        ақлу одоб сенга бўлсин ёр,

Ёлғон, туҳматдан қилгин ор,
                        боз тилинг пок бўлгани яхши.

 

Нопок таомни тишлама,
                        ҳаром ишга пул харжлама,

Бетаҳорат иш бошлама,
                        юз-қўлинг пок бўлгани яхши.

 

Кўзларинг уйқусиз қотди,
                        оёғинг мадорсиз чопди,

Машаққатда нон-ош топдинг,
                        шуғулинг пок бўлгани яхши.

 

Абдураҳмон, тўғри йўл тут,
                        балои нафс йўлин унут,

Тоатга қўй қадам собит,
                        ўнг-сўлинг пок бўлгани яхши.

Қўштепа

 

Бекназар ТОШБОЕВ

БИЗ УЧУН АЗИЗСИЗ

Ассалом, боболар – юрак жавҳари,

Ассалом, момолар – меҳр гавҳари,

Ассалом, ҳаётнинг шамчироқлари,

Бошда сиз парвона кечаю кундуз,

Биз учун ҳамиша азизсиз, азиз.

 

Кексайган маҳалда фарзанд тоғ бўлур,

Букчайган белларга қувват, боғ бўлур,

Камолин кўрганда кўнгил чоғ бўлур,

Умрбод таъзимда турар ўғил-қиз,

Биз учун ҳамиша азизсиз, азиз.

 

Пешонага ҳусн бўлган ажинлар,

Ажинмас, бу Аллоҳ қўйган кошинлар,

Бир умр тўйларда қолсин бошинглар,

Бахтиёр замон татимас сизсиз,

Биз учун ҳамиша азизсиз, азиз.

 

Фарзандлар миннатдор доим сизлардан.

Ёшингиз кам бўлмай, ошсин юзлардан.

Ибрат ёғилар сиз айтган сўзлардан,

Офтобдан қўр олган ою юлдузсиз,

Биз учун ҳамиша азизсиз, азиз.

Янгиобод

 

Файзулло НЕЪМАТОВ

*  *  *

Ёнма-ён юради шодлик билан ғам,

Билмассан қай дилда қандай туйғу жам.

Агар юрак доди эшитилганда,

Оҳу фарёдларга тўларди олам.

 

*  *  *

Зиёли кишининг йўлдоши китоб,

Манзил сари чорлар, йўлида офтоб.

Маърифат сизнинг йўқ баҳори, ёзи,

Зулматда йўл излаш нақадар азоб.

 

*  *  *

Мен ҳам худди сендай оддий бир инсон,

Тўғрига хайрихоҳ, эгрига ёмон.

Худо ғазабидан қўрққан ҳар киши

Мен учун ҳамиша дўстдир бегумон.

Ромитан