Барча ойларга султон,

Эзгулик, савобга кон,

Нурланар сенда имон,

Хуш келдинг, эй Рамазон!

 

Шайтон занжирбанд бўлиб,

Ҳирсу нафслар ўлиб,

Қалбимиз нурга тўлиб,

Хуш келдинг, эй Рамазон!

 

Низолардан қутулиб,

Аразлар унутилиб,

Барча дўстона кулиб,

Хуш келдинг, эй Рамазон!

 

Элу юртда барака,

Қалб тўла ҳур тилакка,

Илҳом бериб юракка,

Хуш келдинг, эй Рамазон!

 

Қайғу-ғам четга қочиб,

Қут-баракани сочиб,

Жаннат эшигин очиб,

Хуш келдинг, эй Рамазон!

 

Танадан дардлар қулаб,

Беморга шифо улаб,

Мискинлар бошин силаб,

Хуш келдинг, эй Рамазон!

 

Лайлатулқадр кеча,

Минг йилга татир кеча,

Етолмай неча-неча,

Хуш келдинг, эй Рамазон!

 

Қулаб гуноҳнинг тоғи,

Ваъда – Фирдавснинг боғи,

Тўлиб жаннат қучоғи,

Хуш келдинг, эй Рамазон!

 

Фаришталар саф териб,

Рўзадорга наф бериб,

Ёвузликка даф бериб,

Хуш келдинг, эй Рамазон!

 

Мўмин Мирзо,

Фарғона