Руҳу жисмим доим соғлом бўлсин десанг,
Қалбим имон нурларига тўлсин десанг,
Охиратда жаннат насиб бўлсин десанг,
Эй биродар, Рамазонда рўза тутгин.
 
Фарз этилган амаллардан бири ўша,
Омонликнинг муҳофаза сири ўша,
Равшан фикр изловчининг ёри ўша,
Эй биродар, Рамазонда рўза тутгин.
 
Кундузлари емоқликдан ўзингни тий,
Нохуш калом демоқликдан сўзингни тий,
Номаҳрамга қарамоқдан кўзингни тий,
Эй биродар, Рамазонда рўза тутгин.
 
Рўза тутсанг, дилинг қулфи ечилгайдир,
Жаннатдаги Раййон сенга очилгайдир,
Ўтмишдаги гуноҳларинг кечилгайдир,
Эй биродар, Рамазонда рўза тутгин.
 
Каримқул МАВЛОНОВ,
 
Бекобод