Қуёш каломида поклик ишқи бор,
Тонглар кўз очади бирам бахтиёр,
Дилда гулдан безак, тўлиб ифтихор –
Рамазон ойи бу – имон ойидир.
 
Йўллар етаклайди яхшилик томон,
Имон булоғида чўмилади жон.
Замин жуда шафиқ, меҳрибон осмон,
Рамазон ойи бу – имон ойидир.
 
Барча рўза тутар Парвардигор деб,
Анинг ишқи қалбда мудом бедор деб,
Дуо ижобати кўркам ёяр сеп,
Рамазон ойи бу – имон ойидир.
 
Ҳамма бир-бирига дўсту биродар,
Рўзадор ҳолидан Ҳақ олар хабар,
Кунлар софлик сари айлайди сафар,
Рамазон ойи бу – имон ойидир.
 
Аллоҳ ёди ила чақнайди юлдуз,
Борлиқ ишонч ила тикиб турар кўз.
Олам жуда шинам, жуда дилафрўз,
Рамазон ойи бу – имон ойидир.
 
Мўмин қалбга яқин келолмас шайтон,
Кўнгиллар ичида гуллайди ризвон.
Дилга соя солмас қайғу ва армон,
Рамазон ойи бу – имон ойидир.
 
Бунда нафс ҳақида ўйламас ҳеч ким,
Таровеҳ тунида илоҳий билим,
Шуъла таралади борлиққа сим-сим,
Рамазон ойи бу – имон ойидир.
 
Абдуғани, юрагингдан нур ёғар,
Нафис чечакларга айланди доғлар.
Ҳар дилни мукаррам кунларга чорлар,
Рамазон ойи бу – имон ойидир.
Абдуғани СУЛАЙМОН,
Тошкент