Абдувоҳид ЎРОЗОВ

 

Ризо истаб келдим

 

Вужудимда ёнар оташ,

Синиқ кўнглим, эгик бошим.

Кечиксам ҳам тавба қилдим,

Сендан ризо истаб келдим.

 

Дунё дедим, чопдим-елдим,

Бисотимда эзгу иш йўқ,

Умрим ўтди, ҳавас дедим...

Сендан ризо истаб келдим.

 

Раҳматингдан умидим бор,

Гуноҳим кўп, бўйин эгдим.

Тавбам қабул бўлдиму, Ёр,

Сендан ризо истаб келдим.

 

Ғафлат босган бир хастаман,

Кўнгли нотинч, ўзи беғам.

Аро йўлда шикастаман,

Сендан ризо истаб келдим.

 

 

Ватан недир

 

Ватан недир? Шу тупроқдир, она-замин,

Чумолилар, чирилдоқлар, қушлар бари.

Ўрмалайди, чириллайди, яйрар эмин,

Бир-биридан гўзал ҳаёт лаҳзалари...

 

Билмаганга билдиради, сабоқ берар

Ғариб кулба, ўтовларда момолари

Ҳали-ҳануз қизларга тенг ип йигирар,

Эшкак эшар, қўй боқади боболари.

 

Ватан недир? Амир Темур, Жалолиддин,

Аму узра Темур Малик бандаргоҳи.

Ёғийларни саҳро ичра адаштирган

Ёвқур Широқ бевасининг ўтли оҳи.

 

Ҳакимбекнинг Бойсуни у, Бойчибори,

Мадаминбек, Дукчи Эшон излари бор.

Бу тупроққа не йигитлар келар ҳали,

Туғилади Тўмарисдай аёллари.

 

Ватан недир? Ҳаёт билан кураш тушган

Оналарнинг танасида тўлган ойдир.

Бўғиқ-бўғиқ чинқирганча туғилган пок

Гўдакларнинг киндик қони томган жойдир.

 

Ёвқур юрак дарчасида, қалбда турган

Гўзал шуур, туйғу ўзи Ватан эрур,

Шу ер, осмон, халқим, элим, отам, онам,

Суянганим, соғинчларим Ватан бўлур.

 

 

Онажоним

 

Бир беланчак тебранади,

Дард-аламдан кўнглим нотинч.

Ухлаб ётсам, уйғотади

Тонг саҳарлар келган соғинч.

 

Она, дейман тушларимда,

Гоҳ эркалик қилгим келар.

Бир гўдакман, кўз ўнгимда

Онам беланчакка белар.

 

Тиним билмас чопқир йўллар

Бедов отга ўхшайди-я.

Силкинади, толар қўллар,

Кўнгил дийдор қўмсайди-я.

 

Мен ёлғизман, онажоним,

Душман чалиб йиқитганда,

Кулар менга чин дўстларим,

Она, сизни унутганда.

 

Унутмайди, унутмасман,

Қалбимда сиз яшайверинг.

Сиз тириксиз, ғам чекмасман,

Онажоним, дуо қилинг!