Ғофилликда умринг ўтди, одамзод,
Насиҳатга нечун қулоқ солмассан.
Дунёда абадий қолмассан ҳаёт,
Ўлганлардан нечун ибрат олмассан.
 
Қани Одам Ато, момомиз Ҳавво,
Қани Юсуф содиқ, яна Зулайҳо?
Қани довруқ солган Искандар, Доро,
Шулар борган жойга бормай қолмассан.
 
Дунё ҳар хил тузоқ қурган йўлингда,
Нафсинг қароқчидир соғу сўлингда.
Билмайман, яроғинг борми қўлингда,
Агар оқил эсанг, беғам бўлмассан.
 
Бир куни умринг ҳам адолар бўлар,
Азроил омонат – жонингни олар,
Йиққан молу мулкинг ортингда қолар,
Бермай кетай десанг элта олмассан.
 
Имонинг, қалбингни шайтон олмасин,
Бошингга бундай иш Худо солмасин.
Илоҳо, ҳеч киши бебахт бўлмасин,
Ахир синов учун бошқа келмассан.
Маҳзун ХОРАЗМИЙ