Бошда мўйлар оқаргунча сўқир бўлдим,
Кўрганларим гоҳ уқмас, гоҳ ўқир бўлдим.
Тил қаламдир, кўнгил қалам, йўллар қалам 
Байтларимни қаламсиз ҳам тўқир бўлдим.
 
Аллоҳ берса, феълига мос берар экан,
Севилган қул кўнглида ой кўрар экан.
Ким ундоқ, ким бундоқ тусда юрар экан,
Яхши-ёмон феълим ила зуҳур бўлдим.
 
Орзу-ҳавас майдони кенг, етолмайсан,
Ўзинг суйган овни маҳкам тутолмайсан.
Чўлда бўлсанг, боғлар сари кетолмайсан,
Кетолмадим, кўниб-кўниб шокир бўлдим.
 
Дил уйғонди кўзларда нур қолмаганда,
Шижоату ғайрат ҳиссин туйдим танда.
Кўнглим яшнар ва яшарар соз тутганда,
Созим тутиб, сизга байтлар ўқир бўлдим.
Нормурод ДИЁР
Чироқчи