Сочларингга бевақт қўнганда қиров,
Дардинг аримаса, кулар бўлса ёв.
“Гуноҳим нима?” деб қилмагин нола,
Суйганига Эгам бераркан синов.
 
Бардошингга гулхан ёқса айрилиқ,
Юрагинг хазондек чарсиллар лов-лов.
Ёлғиз қолиб кетсанг тумонат ичра,
Нолон бўлаверма, бу ҳам бир синов.
 
Сенда боринг эмас, каминг кўрсалар,
Ғазабинг бирпасда олмасин олов.
Қоқилганинг кўриб шодон юрсалар,
Барига сабр қил, дегин бу – синов.
 
Эшик қоқиб келса қайғу ва алам,
Ёдимга Раббимни оламан дарров.
Кел, бирга шукрона айтайлик, дўстим,
Аллоҳ бергани-чун бизларга синов.
Ҳабиба БОЛБЕКОВА
Ғаллаорол