(Оғир касаллик туфайли тўшакка михланиб қолган бир кўнгли ўксикнинг кечинмалари)
 
Йўллар қараб, кўзим тўрт бўлиб,
Гоҳида оч, гоҳи тўқ бўлиб,
Дўст келар деб ўзда йўқ бўлиб,
Кутдим, кўнглим қувончга тўлиб:
Афсус, дўстлар бизни йўқламас,
Йўқлов недир ҳатто англамас...
 
Бир келсалар, кўнгил шод эди,
Олам-жаҳон нуробод эди.
Андуҳлардан дил озод эди,
Меҳр билан қалб обод эди...
Нега дўстлар буни ўйламас,
Дўст кўнглига нечун бўйламас?!
 
Йиллар ўтиб кетмоқда ахир,
Ҳаёт нури йитмоқда ахир,
Тақдир нима битмоқда охир,
Бизни нелар кутмоқда охир,
Дийдор ширин, дийдор муқаддас,
Наҳот буни дўстлар англамас?!
 
Тўйларига бора олмасам,
Кўнглимни ҳам ёра олмасам,
Тўшак узра тошдек мустаҳкам,
Куйиб адо бўлди бағрим ҳам,
Қўнғироқлаб қўйсалар – шу бас,
Наҳот дўстлар шуни ҳам қилмас?!
 
Кимлар кимга ёр бўлиб кетар,
Кимлар кимга зор бўлиб кетар,
Кимлар охир хор бўлиб ўтар,
Кимлар қаро ер сари ботар,
Ғафлатдан ҳам соғинч уйғотар,
Нечун буни дўстлар билмайди,
Айтинг, нечун йўқлаб келмайди...
 
Файзулла ҲАМДАМОВ
Яккабоғ