Эргаш ИБРОҲИМОВ

 

Баҳор

 

Қиш қўйнида ухлаб туриб,

Рутубатни ортга суриб,

Табиатни кийинтириб,

Келибсан-да яна, баҳор!

 

Барча эди орзуманда,

Бугун қувнаб, отар ханда,

Одатингни қилмай канда

Келибсан-да яна, баҳор!

 

Соғинч ҳислар қучоғида,

Бойчечак кулган чоғида,

Турналар арғимчоғида

Келибсан-да яна, баҳор!

 

Ўргилайин Наврўзингдан,

Тенгқур кеча-кундузингдан,

Хуш ифорли ялпизингдан,

Келибсан-да яна, баҳор!

 

Илиқ тафтинг танга ҳузур,

Кўнглим олар қуввату нур.

Висолингга етдим, шукр,

Келибсан-да яна, баҳор!

 

Тўртликлар

 

* * *

Жаннатдан анқиган анбармисан, айт?

Ё кўкда балқиган қамармисан, айт?

Топиб бергин десам, дунё чарчади,

Меҳрим, деб ёлборсам, қайтармисан, айт?

 

* * *

Бахтми яширинган умри камимда,

Армонми, кутганим ҳар бир дамимда.

Бахтга элтар йўллар бунча ҳам олис,

Ғамни учратаман ҳар қадамимда...

* * *

Умрни сарфладим вақтни сочишга,

Лек вақтим етмади бахтни топишга.

Ё Раб, очиқ кўзни юммоқмикан бахт?

Қайда кутар мени чўбин отли тахт?

 

* * *

Не бахт, қисмат экан бўлмоқ хонанишин,

Шукр қилдим, ўтаверди ёзу қишим.

Сўраганим сабру ризқу умр бўлди,

Барин берди. Сийлов билдим Ҳақнинг ишин.

 

* * *

Дунёни чин дунё деб ёлғонга алданибман,

Вафосиз гул ишқида куйлаган андалибман.

Эллигим уч бўлакдир, бири кечди уй ичра,

Шу бирда чинга етдим Ҳақ эгамни таниб ман.

 

* * *

Умр шунга жам қилмиш жумбоқ ила маънони:

Туғилиб, излаб топмоқ ўлимни – интиҳони.

Келарда мен йиғладим, кетар чоғимда – дунё,

Дунё мендан суюнди, мен суймадим дунёни.

 

* * *

Раббим, мени тавфиқингдан қилма нари,

Аввал-охир нафасимда шафиқим бўл.

Ҳар қадамда чалкаш дунё сўқмоқлари,

Жаннатингга йўл кўрсатар Рафиқим бўл.

 

* * *

Савдоли дунёда дунё-дунни қўй,

Тақводан яктак кий, зарбоф тўнни қўй.

Қуёш нурларидан савоб териб қол,

Кун ботгач, уйқуга кафан тунни қўй.

 

* * *

Соғинч – дилни ҳисга тўлдирган гуллар,

Йўл қараган кўзни тиндирган йўллар.

Меҳрни саробга илиниб кутсам,

Саробга умримни кўндирган йиллар!

 

* * *

Ердан баландроқми сен ўтирган кўшк,

Жаннат ифорини таратганинг мушк?

Севги сўраб менга қарама фақат,

Кўнглим кунжагидан тушиб қолган ишқ...