Бир келиб-кетарман ёруғ оламга,
Гоҳ алам, гоҳида шарбат ютарман.
Орзумни қолдириб тўртта боламга,
Ой шуъласи каби жимжит кетарман.
 
Эзилмоқда юрак йўлларга қараб,
Ниҳол кўрмай кетди не ёр-дўстларим,
Бир зурёд, меросхўр Аллоҳдан сўраб,
Шукур, бунда йўқдир каму кўстларим.
 
Беш кунлик меҳмонмиз, азиз одамлар,
Не керак ёлғону, туҳмату бўҳтон!
Яхши сўзларни биз айтолган дамлар,
Ёзайлик яхшилик деган дастурхон.
 

                              Шуҳрат ТОИРОВ