Сиздайин инсон жаҳонда кам, онам,
Меҳри дарё, лутфи кўп одам – онам.
 
Хулқи хуш, дилкаш, мулойим, файзли,
Сўзлаган ҳар сўзингиз малҳам, онам.
 
Яхшилик қилмоқлик – доим корингиз,
Сиз саховат бобида ҳотам, онам.
 
Бу ҳаётда менга устод – ўзингиз,
Кўрсатиб Ҳақ йўлин муршидам – онам.
 
Бўлсангиз ёнимда, иқболим кулар,
Бўлмасангиз, дилга тўлгай ғам, онам.
 
Ҳар икки дунёда ёр бўлсин Эгам,
Қўлланг Усмонийни ҳам ҳамдам – онам.
 
Анваржон Усмоний