Ўртаер денгизи соҳилидан 3 ёшли қочоқ боланинг жасади топилди...  Асли суриялик бўлган ота-­она Айлон исмли 3 ёшли ҳамда Ғолиб исмли 5 ёшли ўғиллари билан қонли уруш ҳукмронлик қилаётган ҳудуддан қочиб, денгиз орқали тинч ўлкаларга кетиш илинжида бўлган...  

 

Шўрлик боши қумга беланиб,
Денгиз суви ювар жасадин.
Пешонасин саждага қўйиб,
Соҳил узра ётган боланинг...
 
Ўлиб эмас, ухлаб ётгандек,
Бунчалар ҳам беозор жонсан.
Кеча кулиб тушиб суратга,
Бугун тирикликка армонсан!
 
Ўлимингдан ларзага келдик,
Ўйламоқлик ундан ҳам оғир...
Тошюраклар сенинг ўрнингга,
Ўз боласин қўйиб кўрсин бир!
 
Юрагимни тилар бир армон:
Совуқ денгиз соҳилидамас,
Онанг иссиқ бағрини ҳидлаб,
Ётсанг бўларди-ку, жон Айло-о-он!!!
 
Қонли уруш барҳам топсин, деб,
Ер юзига тинчликни сўраб.
Жажжи қалбинг, вужудинг билан
Ўлим сари бордингми, болам?!
 
Жоним Айлон, ўргилай, ўзим,
Асли айбинг нима эди, айт!
Золим, ваҳший зотлар-ла тўлган
Ер юзига сиғмадингми, қайт?!
 
О, жоҳил кас! Бунча қонхўрсан,
Дунё кенгайдими бир жонсиз?!
Қилмишингдан қон ютиб, ҳатто,
Уввос солиб йиғлар шўр денгиз...
 
Кўзингни оч, эй башар аҳли,
Гўдакларнинг уволидан қўрқ.
Қурбонлар-ла тўлдирма ерни,
Тирикликка узма асло ўқ.
 
Энди етим, мазлумлар бошин
Меҳр билан, ишқ билан сила.
Юрагингда шафқат уйғотсин,
Яратганнинг раҳматин тила!
 
Жаҳон ичра уруш деган ном
Ўчмоғини Аллоҳдан сўраб –
Гўдаклар шод кулмоғи учун
Бу дунёни сен гулга ўра!
 
Жоним Айлон, ўргилай, болам,
Кечир бизни, фариштагинам!..
 
Гулбаҳор АБДУЛЛОҲ қизи