Гуноҳкор бандамиз, фурсат ғанимат,
Аллоҳдан тилагим доимо раҳмат,
Дилдан тавба қилсанг, этур мағфират,
Тавба эшиклари доимо очиқ!
 
Ўтмиш гуноҳлардан бўлсанг пушаймон,
 Ножўя ишларни бас қилсанг шу он,
Гуноҳга қайтмам, деб аҳд қилсанг, ишон,
Тавба эшиклари доимо очиқ!
 
Ёлғондан тилни тий, ғийбат ҳам қилма,
Еганинг пок бўлсин, халқуминг асра,
Ҳаромга боқма ҳам қўлингни чўзма,
Тавба эшиклари доимо очиқ!
 
Бошингга келмасдан балою офат,
Гуноҳлардан тийил, ёлғонлардан қайт,
Мўминга ярашмас ғазаб ва ҳасад,
Тавба эшиклари доимо очиқ.
 
Тоат-ибодатни гар қилсак холис,
Риё ва нифоқдан бўлолсак олис,
Яхшилик қилишга бўлсак-чи харис,
Тавба эшиклари  доимо очиқ.
 
Илёс ЮНУСОВ