Хотининг устига хотин истасанг,
Олтининг устига олтин истасанг,
Тап тортмай Сулаймон тахтин истасанг,
Нафсинг нағмасига ўйнаганинг шу.
 
Орзулар амалга ошгани сайин,
Озига кўнишинг бўлади қийин.
Хоҳиш қаноатга бермайди бўйин,
Ёлғончи дунёдан тўймаганинг шу.
 
Илму ҳакмат сари қўймасанг қадам,
Донишлар пандини олмасанг ҳеч ҳам,
Тавбани билмасанг, қилмасанг карам,
Шукрона неъматин билмаганинг шу.
 
Видо куйин чалиб қолганда борлиқ,
Ўз уйинг ўзингга қилади торлик,
Борингдан мосуво бўласан тўлиқ,
Жонингни беҳуда қийнаганинг шу.
 
Негмурод ГУЛИЕВ,
Ғиждувон