Гоҳо хайру эҳсон этдинг,
Гўё мақсудингга етдинг,
Муҳтож қолиб тўққа тутдинг,
Билар-билмас бу дунёда.
 
От дединг, хачир минмадинг,
Асло озига кўнмадинг,
Борингни баҳам кўрмадинг,
Кўзинг тўймас бу дунёда.
 
Ортга боқиб ўйга толдинг,
Охиратни ўйлаб қолдинг,
Қанча савоб йиға олдинг?
Қайтиб келмас бу дунёда.
 
Ҳақ йўлидир энг тўғри йўл,
Эзгуликдан ҳеч узма қўл,
Элу юртга фидойи бўл,
Номинг ўчмас бу дунёда.
 
 
ТЎРТЛИКЛАР
 
* * *
Қорлар ёғди, кўмилди изим,
Ёмғирларга ювилди юзим.
Чин тавбада собит турмоққа,
Парвардигор, ўзинг бер тўзим.
 
* * *
Нодон ўз билганин тўғри деб яшар,
Кибру ҳаво билан ҳаддидан ошар.
Хатосин уқтирмоқ бўлганлар билан
Хусуматли одам каби ёвлашар.
 
* * *
Эринчоқ танбални суяди шайтон,
Ҳар тонг кўрпасига ўраб аллалар.
Қутқуга алданган банда-да, афсус,
Уйқуда кечади олтин паллалар.
 
Негмурод ГУЛИЕВ,
Ғиждувон