Бобом, момом
Қўним топган жой,
Ота-онам бағридек
Кўксида сокинлик ва илиқликни
Қалбим тотган жой
Ватандир...
Ҳа, яна мени
Мен этган,
Сўнгра яна мени қўмсаб
Кутиб ётган жой
Ватандир...
Гуллари гулзору гулбоғда эмас,
Алвон лолалари юракда
Унган жой
Ватандир...
Дунё бўйлаб чопсанг
Тузингни излаб,
Яна қайтиб келсанг
Илк бора босган
Изингни излаб
Ва шунда
Тўлиб кетган кўнглинг
Тўкилса ўтли-ўтли бўзлаб,
Гиёҳига секин қўйсанг лаб,
Юрагинг потраса, урса гупиллаб,
Ўша жой сен учун Ватандир,
Отангдир, онангдир, опангдир...
 
Икром НАЗРУЛЛО,
Тошкент