Эй ўғил-қиз, яхши ҳолат ичрасиз, шукрин қилинг,
Яхши юрт, яхши иморат ичрасиз, шукрин қилинг,
Халқаро яхши мақомат ичрасиз, шукрин қилинг,
Ишқ аро яхши саодат ичрасиз, шукрин қилинг,
Туну кун яхши ҳимоят ичрасиз, шукрин қилинг,
Ҳур Ватан ичра фароғат ичрасиз, шукрин қилинг,
Ҳар қадам, ҳар дам синоат ичрасиз, шукрин қилинг!
 
Юртсевар, меҳнатсевар ҳар дамда очгайдир жамол,
Ҳам садоқат ичраким гулзорда кўрсатгай камол,
Эътиқод, меҳру муҳаббат ичра топгайдир висол,
Фикру ўйи, тийнатида доимо эзгу хаёл,
Шул сабабдин ҳар қачон, ҳар ерда ҳеч топмас завол,
Эй ўғил-қиз, яхши ҳолат ичрасиз, шукрин қилинг,
Ҳур Ватан ичра фароғат ичрасиз, шукрин қилинг!
 
Бўлса ким халқ ичра доим анга ҳиммат ёрдур,
Ушбу нотинч олам ичра анга ҳикмат ёрдур,
Ҳеч адашмас мақсадидан яхши одат ёрдур,
Қилса ҳар иш ортиданким анга роҳат ёрдур,
Бу ишида ҳар қачон ҳифзу ҳимоят ёрдур,
Эй ўғил-қиз, яхши ҳолат ичрасиз, шукрин қилинг,
Ҳур Ватан ичра фароғат ичрасиз, шукрин қилинг!
 
Оқилу доно киши наслини барбод айламас,
Маъсият ишлар қилиб Тангрини ношод айламас,
Бас, ғаним-ла бирлаким ҳеч азми бедод айламас,
Ўзгалар бирлан залолат ичра бунёд айламас,
Ул ёмон ишлар биланким ўзни мўътод айламас,
Эй ўғил-қиз, яхши ҳолат ичрасиз, шукрин қилинг,
Ҳур Ватан ичра фароғат ичрасиз, шукрин қилинг!
 
Тўрт фасл имону имкон қувватидур бу макон,
Қайси юртдан кам эрур андозаси? – Элга аён,
Ботину зоҳиригаким тан берур рўйи жаҳон,
Сийрату сувратлари мозийда ҳам ҳозир равон,
Ўзбекистон, нурли бўстон, сенга бахшида бу жон,
Эй ўғил-қиз, яхши ҳолат ичрасиз, шукрин қилинг,
Ҳур Ватан ичра фароғат ичрасиз, шукрин қилинг!
 
Шукрини айланг ҳаётнинг, ношукрлик қилмангиз,
Ношукрлик бирла, бас, сиз бағрингизни тилмангиз,
Борига айлаб қаноат, саробга интилмангиз,
Нафсу шайтон макри-ла сиз ўзга ерга елмангиз,
Ўзни сиз ўзга насаблар ичра ҳаргиз билмангиз,
Эй ўғил-қиз, яхши ҳолат ичрасиз, шукрин қилинг,
Ҳур Ватан ичра фароғат ичрасиз, шукрин қилинг!
 
Ўзбекистон – ўз уйингиз, олам ичра бебаҳо,
Ҳақ назар этган бу юртдур, билсангиз, олам аро,
Муҳтарам Юртбошимиз одил, мукаррам раҳнамо,
Юрт эрур бизга муқаддас, ибтидою интиҳо,
Арзигай ҳар қанча бўлсак пойида биз зери по.
Эй ўғил-қиз, яхши ҳолат ичрасиз, шукрин қилинг,
Ҳур Ватан ичра фароғат ичрасиз, шукрин қилинг!
 
Исмоил Маҳмуд МАРҒИЛОНИЙ